ЕХҲТ Истанбул протоколи доирасида Хивада суд-тиббий экспертизаси бўйича тренинг ўтказмоқда
ЕХҲТ Истанбул протоколи доирасида Хивада суд-тиббий экспертизаси бўйича тренинг ўтказмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 13-14 апрел кунлари тарихий Хива шаҳрида Бухоро, Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан 60 нафар пенитенциар тизим тиббиёт ходимлари ва суд-тиббиёт экспертлари халқаро миқёсда тан олинган Истанбул протоколи асосида қийноқлар ва шафқатсиз муомалани ҳужжатлаштириш бўйича амалий тренингда қатнашди.
Тренинг Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалар координатори томонидан Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ҳамда Республика илмий-амалий суд-тиббий экспертиза маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тренинг доирасида таъкидланганидек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар бир аниқ ҳолатдан бошланади - бунда ҳар бир жабрланувчи, ҳар бир тиббиёт ходими ва ҳар бир ҳаётий ҳикоя муҳимдир.
“Қийноқлар ҳар доим ҳам кўзга кўринадиган из қолдирмайди,” - деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен. “Ушбу тренинг доирасида биз мутахассисларни диққат билан тинглашга, содир бўлган ҳолатларни пухта ҳужжатлаштиришга ва адолатни таъминлашга тайёрлаяпмиз. Тиббиёт ва илм-фан - инсон қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кучли воситасидир.”
Икки кун давомида иштирокчилар шафқатсиз муомала ҳолатлари бўйича далилларни аниқлаш, қайд этиш ва ҳужжатлаштиришни илмий асосланган, ҳуқуқий жиҳатдан тўғри ҳамда ахлоқий масъулиятли ёндашувда амалга ошириш бўйича билим ва кўникмаларини оширдилар. Халқаро экспертлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар: Истанбул протоколини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳ аъзоси, халқаро эксперт Русудан Бериашвили жабрланганлар билан мулоқот қилиш ҳамда тан жароҳатлари ва бошқа далилларни ҳужжатлаштириш бўйича машғулотлар ўтказди. Пенитенциар тизим ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи Азамат Шамбилов эса қийноқларнинг олдини олишга қаратилган миллий ва халқаро механизмлар ҳақида маълумот берди.
Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, ҳужжатлаштириш жараёни жабрланувчиларга қўшимча руҳий ёки жисмоний травма етказмаслиги лозим - ушбу тамойил ўқув курсининг асосий негизини ташкил этади. Машғулотлар давомида иштирокчилар амалий машқлар орқали реал ҳолатларни таҳлил қилдилар ва ўз касбий кўникмаларини мустаҳкамлаб бордилар, шу орқали ахлоқий тамойилларга содиқликни янада кучайтирдилар.
Ушбу тренинг Ўзбекистондаги пенитенциар тизимни қўллаб-қувватлаш бўйича ЕХҲТнинг доимий фаолиятининг бир қисми бўлиб, у инсон ҳуқуқлари стандартларини мустаҳкамлаш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш механизмларини ривожлантиришга қаратилган. Бу жараён, шунингдек, маҳкумлар билан муомала бўйича Нелсон Мандела қоидалари ҳамда аёл маҳкумлар билан муомала қилишга оид Бангкок қоидаларини жорий этишни ҳам ўз ичига олади.
Худди шундай ўқув курси 16–17-апрел кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилиб, унда Бухоро, Самарқанд ва Навоий вилоятларидан пенитенциар тизим тиббиёт ходимлари ҳамда суд-тиббий экспертиза мутахассислари иштирок этади. Иштирокчиларни бундай кўникмалар билан таништириш орқали ЕХҲТ лойиҳалар координатори инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва ажралмас инсон қадр-қимматларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди - бу қадриятлар эса ҳар қандай ўқув аудиторияси доирасидан анча кенгроқ аҳамиятга эга.