Чехияда жойлашган From Wild International компанияси Фарғонадаги лойиҳаларни ўрганмоқда
Чехияда жойлашган From Wild International компанияси Фарғонадаги лойиҳаларни ўрганмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Чехияда бош офиси жойлашган “From Wild International s.r.o.” компанияси таъсисчиси Денис Клепиковни қабул қилди
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, меваларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Инвестор ўз компанияси фаолияти, айниқса, қуритилган меваларни қайта ишлаш ва ташқи бозорларга чиқариш борасидаги тажрибаси ҳақида маълумот берди. У компания маҳсулотлари МДҲ давлатлари ҳамда Европа бозорларида ўз харидорларига эга эканини таъкидлади.
Учрашувда Риштон туманида амалга оширилаётган дастлабки лойиҳалар, хусусан, ўрикни қайта ишлаш ва истиқболдаги ҳамкорлик жараёнлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида мазкур йўналишни ривожлантириш учун кенг имкониятлар, юқори салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Соҳага илмий ёндашув ва инновацион технологияларни жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари, ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.