Бухородан АҚШга IT хизматлари экспорти ошди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро шаҳридаги LEADERS GROUP TEAM компанияси 2026 йилнинг биринчи ярмида АҚШ бозорига хизматлар экспорти ҳажмини 1,43 миллион долларга етказди. 2025 йил давомида ушбу кўрсаткич 963,5 минг долларни ташкил этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири компанияга ташриф буюриб, унинг фаолияти, экспорт салоҳияти ва яратилган иш ўринлари билан танишди.
LEADERS GROUP TEAM асосан АҚШнинг транспорт ва логистика бозори учун масофавий аутсорсинг BPO хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Компания Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларда BPO марказларини ривожлантириб, инглиз тилини биладиган маҳаллий ёшларни халқаро логистика лойиҳаларида ишлашга жалб қилмоқда.
Ташриф давомида компания томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми ошгани қайд этилди. 2025 йилда бу кўрсаткич 11,66 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида 17,07 миллиард сўмга етган.
Шу билан бирга, компания ходимлари сони ҳам ошган. 2024 йилда компанияда бир киши ишлаган бўлса, 2025 йилда штат 111 нафарга етган. Ҳозирги вақтда LEADERS GROUP TEAMда 150 киши меҳнат қилмоқда.
Рақамли технологиялар вазири компаниянинг кейинги ривожланиш, янги иш ўринларини яратиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва BPO хизматлари ҳажмини ошириш бўйича режалари билан ҳам танишди.
Рақамли технологиялар вазирлиги маълум қилишича, BPO марказларини ривожлантириш ёшларга халқаро компаниялар билан ишлаш, хорижий тилларни билиш даражасини ошириш ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллаш имконини беради.
Вазирлик маълумотларига кўра, бундай лойиҳаларни ривожлантириш кенг кўламли ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш заруратисиз интеллектуал меҳнат ва рақамли хизматлар ҳисобига IT хизматлари экспортини ошириш имконини ҳам беради.