Aux ва Hisense кондиционерлари хавфсизликка мос эмас
Aux ва Hisense кондиционерлари хавфсизликка мос эмас
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаси пойтахт савдо нуқталарида Хитойда ишлаб чиқарилган Aux ва Hisense русумли кондиционерлар бўйича назорат харидларини амалга оширди.
Текширув натижаларига кўра, Aux русумли маҳсулот «Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисида»ги техник регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бу эса ускуналар электромагнит халақитлар таъсири ва уларга чидамлилик бўйича белгиланган меъёрларга тўлиқ мос келмаганини англатади.
Hisense кондиционерларига нисбатан ҳам амалдаги стандартларга мос келмаслик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, қурилмаларнинг номинал электр энергияси истеъмоли меъёрий кўрсаткичлардан юқори экани қайд этилди.
Аниқланган қоидабузарликлар бозорда тақдим этилган айрим маҳсулотлар белгиланган техник талаблар ва хавфсизлик меъёрларига жавоб бермаслигини кўрсатади.
Шу муносабат билан фуқароларга маиший техника сотиб олишда мувофиқлик сертификатлари мавжудлигини, шунингдек, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи техник ҳужжатларни диққат билан текшириш тавсия этилади.
Инспекция маълум қилишича, аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тегишли таъсир чоралари кўрилмоқда.
Сифатсиз ёки эҳтимолий контрафакт маҳсулот аниқланган тақдирда истеъмолчилар 1880 қисқа рақами орқали ваколатли органга мурожаат қилишлари мумкин.