Анвар Анваров узунликка сакраш бўйича миллий рекордни янгилади
Анвар Анваров узунликка сакраш бўйича миллий рекордни янгилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон енгил атлетика миллий терма жамоаси аъзоси Анвар Анваров Хорватияда ўтказилган йирик халқаро мусобақада тарихий муваффақиятга эришди.
Загреб шаҳрида бўлиб ўтган нуфузли турнирда ҳамюртимиз эркаклар ўртасида узунликка сакраш баҳсларида олтин медални қўлга киритди. Ўзининг энг яхши уринишида ўзбекистонлик енгил атлет 8,29 метр натижа қайд этиб, якуний ҳисобда ишончли ғалабага эришди.
Хорватияда қайд этилган ушбу натижа очиқ стадионлардаги узунликка сакраш бўйича Ўзбекистоннинг янги миллий рекорди сифатида расман рўйхатга олинди. Эътиборлиси, Анвар Анваров ўзининг аввалги энг юқори натижасини янгилади. Мамлакатнинг олдинги рекорди ҳам унга тегишли бўлиб, у 2025 йилда Финляндияда ўтказилган халқаро мусобақада 8,25 метр натижа билан ўрнатилган эди.
Загребдаги финал баҳслари дунёнинг етакчи узунликка сакровчилари иштирокида юқори рақобат муҳитида ўтди. Сербия вакили Лука Бошкович 8,23 метр натижа билан ғолибдан олти сантиметр орқада қолиб, кумуш медални қўлга киритди. Кучли учликка Ямайканинг машҳур енгил атлетикачиси Таджей Гейл ҳам кирди. У ўзининг энг яхши уринишида 8,18 метр натижа қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлди.