Япония компанияси Ўзбекистондан автобус ҳайдовчиларини ёллашни режалаштирмоқда
Япония компанияси Ўзбекистондан автобус ҳайдовчиларини ёллашни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Йўловчи ва сайёҳлик автобусларини ташишга ихтисослашган йирик япон транспорт компанияси Willer Express Ўзбекистондан ҳайдовчиларни ёллашга қизиқиш билдирди. Оператор Япония бозоридаги энг ривожланган компаниялардан бири бўлиб, бутун мамлакат бўйлаб, шимолий ҳудудлардан жанубий ҳудудларгача транспорт хизматларини кўрсатади.
Япониянинг халқаро кадрларни тайёрлаш ва ишга жойлаштириш соҳасида етакчи компанияларидан бири “Onodera User Run” ушбу ташкилотни Ўзбекистон бозорига олиб кирмоқда.
Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаев, "Willer Express" раҳбари Hirayama Koji ва “Onodera User Run” компанияси вакили Kato Jun ўртасида имзоланган уч томонлама келишувга кўра:
Ўзбекистонда "Willer Express" учун автобус ҳайдовчиларини тайёрлаш ва Кун чиқар мамлакатда юқори даромадли иш ўринларига жойлаштириш йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳрида замонавий ўқув полигони барпо этилади. Амалиёт жараёнлари учун Япониядан ўнг бошқарувли автобуслар олиб келинади.