Ўзбекистон

Япония элчихонаси Ўзбекистонда виза учун онлайн навбатга ёзилишни тўхтатди

Япония элчихонаси Ўзбекистонда виза учун онлайн навбатга ёзилишни тўхтатди
Япония элчихонаси Ўзбекистонда виза учун онлайн навбатга ёзилишни тўхтатди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси рухсатсиз кириш ҳолатлари бир неча бор кузатилгани сабабли виза аризаларини топшириш учун онлайн навбатга ёзилиш тизими фаолиятини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона матбуот хизмати хабар берди.

Элчихона ариза берувчилардан тизимдан зарурат бўлмаган ҳолларда фойдаланмасликни сўради. Дипломатик ваколатхона вазиятни кузатишда давом этади ва хизматнинг хавфсиз ишлаши учун зарур шароитлар яратилганидан сўнг навбатга ёзилиш имкониятини босқичма-босқич тиклашни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, элчихона қабулга ёзилиш имконияти мавжуд эмаслиги билан боғлиқ мурожаатларни телефон ёки электрон почта орқали қабул қилмаслигини маълум қилди.

Вақтинчалик чора сифатида электрон почта орқали қабулга ёзилиш имконияти ариза берувчиларнинг икки тоифаси учун назарда тутилган. Булар Японияда бўлиш мақоми тўғрисидаги сертификат (Certificate of Eligibility, COE) олган шахслар ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг вербал нотасига эга бўлган шахслардир.

Ушбу тоифадаги ариза берувчилар қабулга ёзилиш учун visa@ts.mofa.go.jp электрон почта манзилига тегишли ҳужжатни илова қилган ҳолда хат юборишлари керак. Шундан сўнг элчихона ариза топшириш санасини маълум қилади.

Дипломатик ваколатхона юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради ва ариза берувчилардан вазиятга тушуниш билан муносабатда бўлишни илтимос қилди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.