Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Тоқаев Саида Мирзиёевани қабул қилди

UzDaily · 21.06.2026 · 18:00 · 26 views
Тоқаев Саида Мирзиёевани қабул қилди

Тоқаев Саида Мирзиёевани қабул қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қозоғистон Президенти Қoсим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевани қабул қилди.

 

Учрашув чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг доирадаги масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, асосий давлат тузилмалари ўртасидаги тўғридан-тўғри ишчи алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Қoсим-Жомарт Тоқаев мазкур ташриф Астана ва Тошкент ўртасидаги шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш нуқтаи назаридан стратегик аҳамият касб этишини қайд этди. У давлат раҳбарлари администрациялари давлатлараро муносабатларни мувофиқлаштиришда ҳал қилувчи ўрин тутишини таъкидлаб, улар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, минтақадаги икки йирик давлатнинг яқин ҳамкорлиги Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Қозоғистон раҳбари кенг кўламли ички ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда ҳар икки мамлакат узоқ муддатли тинчлик ва хавфсизликни сақлашга эҳтиёж сезаётганини таъкидлади.

Музокаралар давомида технологик тараққиёт масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қoсим-Жомарт Тоқаев 2026 йил Қозоғистонда Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили деб эълон қилинганини эслатди. У Бухорога амалга оширган аввалги ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги ютуқлари билан танишганини қайд этиб, глобал технологик чақириқларга қарши биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Қозоғистон Президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий тилакларини йўллади.

Саида Мирзиёева ўз навбатида самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон раҳбари номидан эзгу тилакларни етказди. У Шавкат Мирзиёев Қозоғистон билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётганини ва олий даражада эришилган келишувлар ижросини шахсан назорат қилаётганини таъкидлади.

Президент Администрацияси раҳбарининг сўзларига кўра, Тошкент ва Астананинг яқин ҳамкорлиги Марказий Осиё давлатларининг халқаро майдонда ягона ва таъсирчан овоз билан чиқишига хизмат қилмоқда. Саида Мирзиёева Ўзбекистон Қозоғистонни ишончли ҳамкор ва иттифоқчи сифатида кўришини, шунингдек қўшни мамлакатда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Учрашувнинг якуний қисмида томонлар ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб олинди.

UzDaily · 👁 26 views · 21.06.2026 · 18:00