7
Иқтисод

S&P «Ўзбекнефтгаз» рейтингини BB даражасига кўтарди

S&P «Ўзбекнефтгаз» рейтингини BB даражасига кўтарди
S&P «Ўзбекнефтгаз» рейтингини BB даражасига кўтарди / Фото: «Ўзбекнефтегаз» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — S&P Global Ratings «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг узоқ муддатли кредит рейтингини BB- даражасидан BB даражасига кўтарди ва рейтинг прогнозини «барқарор» деб ўзгартирди. Бундай қарор компания молиявий кўрсаткичларининг яхшиланиши ҳамда Ўзбекистоннинг суверен рейтинги оширилиши билан боғлиқ. Бу ҳақда агентлик 26 ноябрь куни хабар берди.

20 ноябрь куни S&P Ўзбекистоннинг кредит рейтингини BB даражасидан BB+ даражасига кўтарган эди. Агентлик мамлакатнинг бюджет ва ташқи иқтисодий кўрсаткичлари яхшилангани, ташқи захиралари мустаҳкамлангани, улар барқарор тўпланиб бораётгани ҳамда иқтисодий ўсиш суръатлари изчил сақланаётганини қайд этди.

«Ўзбекнефтгаз»нинг мустақил кредит қобилияти баҳоси (SACP) ҳам b+ даражасидан bb- даражасига кўтарилди. Шу билан бирга, S&P компаниянинг давлат томонидан фавқулодда қўллаб-қувватланиш эҳтимолини ҳануз жуда юқори деб ҳисобламоқда.

Агентлик баҳосига кўра, газ тарифларининг оширилиши ва нефть нархларининг юқори бўлиши 2026–2028 йилларда компания EBITDA кўрсаткичи ҳамда пул оқимларининг ўсишини қўллаб-қувватлайди.

2026 йилда газ нархини бозор тамойиллари асосида белгилашга ўтиш ва 2028 йилга қадар улгуржи бозорни либераллаштириш доирасида ҳукумат «Ўзбекнефтгаз» миллий савдо компанияси UzGazTrade’га газ сотадиган тарифларни икки марта оширди. Натижада тариф жами 67 фоизга ўсиб, минг куб метр учун 82 долларга етди.

S&P прогнозларига кўра, компаниянинг EBITDA кўрсаткичи 2026 йилда 20 трлн сўмга етади. 2025 йилда бу кўрсаткич 15,4 трлн сўмни ташкил этган.

Қўшма корхоналар ва ассоциациялашган компаниядан олинадиган дивидендлар ҳам қўшимча даромад манбаи бўлади. Агентлик Uz-Kor Gas Chemical, Asia Trans Gas ва UzTransGaz компанияларидан тушадиган маблағларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, йиллик дивиденд тушумлари 3–4 трлн сўмни ташкил этишини кутмоқда.

2027–2028 йилларда S&P EBITDA кўрсаткичини ҳар йили 20–25 трлн сўм даражасида прогноз қилмоқда. Агентлик баҳосига кўра, бу компанияга ҳар йили 5–7 трлн сўм миқдорида ижобий эркин операцион пул оқимини шакллантириш имконини беради.

Бироқ амалдаги газ тарифи халқаро мезонлар бўйича нисбатан пастлигича қолмоқда. S&P баҳосига кўра, у жорий пул харажатларини қоплаш имконини беради, аммо газ қазиб чиқаришга инвестиция киритиш учун етарли маблағ билан таъминламайди.

«Ўзбекнефтгаз»нинг газ қазиб чиқариш ҳажми 2021 йилдаги қарийб 34 млрд куб метрдан 2026 йилда прогноз қилинаётган 23 млрд куб метргача камайди. Сезиларли инвестициялар киритилмаса, ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши давом этиши мумкин.

Компания ҳар йили 10–11 трлн сўм инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Маблағларнинг катта қисми upstream, яъни қазиб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларга йўналтирилади. Бироқ S&P қазиб чиқариш ҳажмининг пасайишини тўхтатиш учун бундан ҳам кўпроқ инвестиция талаб қилиниши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Агентлик айланма капиталдаги ўзгаришлар ва фоиз тўловларигача бўлган операцион фаолиятдан тушадиган маблағлар (FFO)нинг қарзга нисбати 2026 йилдаёқ 20 фоиздан ошишини кутмоқда. Прогнозга кўра, 2026–2028 йилларда бу кўрсаткич 20–30 фоизни ташкил этади. 2025 йилда эса у 15,8 фоиз бўлган.

«Барқарор» прогноз компаниянинг операцион ва молиявий кўрсаткичлари босқичма-босқич яхшиланиши кутилаётганини акс эттиради. S&P 2026 йилда EBITDA 20 трлн сўмга яқинлашиши, FFOнинг қарзга нисбати эса барқарор равишда 20 фоиздан юқори бўлишини кутмоқда.

Агар операцион фаолиятнинг ёмонлашиши пул оқимларининг сезиларли қисқаришига олиб келса ва FFOнинг қарзга нисбати узоқ муддат давомида 20 фоиздан пастга тушса, агентлик рейтингни пасайтириши мумкин. Йирик тўловлар, харидлар ёки ҳаддан ташқари катта капитал харажатлари туфайли ликвидликнинг ёмонлашиши ҳам рейтинг пасайтирилишига асос бўлиши мумкин.

Ўзбекистоннинг суверен рейтинги пасайтирилиши ҳам «Ўзбекнефтгаз» рейтингининг тушишига олиб келиши мумкин. Аксинча, бошқа шартлар ўзгармаган ҳолда мамлакат рейтингининг оширилиши компания рейтингининг ҳам кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин.

Узоқроқ истиқболда S&P «Ўзбекнефтгаз» рейтингини BB+ даражасигача кўтариш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бунинг учун агентлик компаниянинг мустақил кредит қобилияти баҳосини икки поғонага яхшилаши керак бўлади. Зарур шартлар қаторига умумий қарз ҳажмини сезиларли қисқартириш, FFOнинг қарзга нисбатини барқарор равишда 45 фоиздан юқори даражада сақлаш ҳамда капитал харажатлари ва дивидендлар тўланганидан кейин ҳам ижобий пул оқимини таъминлаш киради.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.