Ўзбекистон ва Самара вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Самара вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси майдонида аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган муҳим музокаралар давом этмоқда. Ана шундай учрашувлардан бири қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ҳамда Россия Федерацияси Самара вилояти ҳукумати раиси ўринбосари Вячеслав Романов ўртасида бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги техникалари етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий техникаларни жорий этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, «Пегас-Агро» МЧЖ билан ҳамкорликни қайта тиклаш, техник хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш ҳамда сервис инфратузилмасини яратиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ўғитлаш ва мелиорация жараёнлари учун зарур бўлган махсус техникаларни етказиб бериш бўйича кооперацияни ривожлантириш, ушбу йўналишда илғор технологияларни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда Самара вилояти корхоналарининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, дистрибюторлик тармоқларини шакллантириш, кўргазмалар ва бизнес-миссияларда фаол иштирок этиш орқали ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шу билан бирга, маҳсулотларни сертификатлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Томонлар учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш ҳамда аграр соҳада инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга тайёр эканликларини билдирдилар.