Ўзбекистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Озарбайжон ТИВ раҳбарлари ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, турли даражаларда режалаштирилган икки томонлама ва кўп томонлама тадбирлар тақвими юзасидан фикр алмашилди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига, шунингдек, ўзаро манфаатли бошқа йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир икки томонлама ва кўп томонлама кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.