Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Адлия вазирлигида 5 октябрь куни «Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси доирасида иккинчи тадқиқот ва маслаҳат миссияси бошланиши муносабати билан ташкилий учрашув бўлиб ўтди.
Корей Интеллектуал мулк институти (KIPI) миссияси 5–9 октябрь кунлари Тошкентда ўтказилмоқда. Унда KIPI вакиллари ва экспертлари, шунингдек, Адлия вазирлигининг тегишли бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этмоқда.
Учрашувда томонлар лойиҳанинг навбатдаги босқичидаги асосий иш йўналишларини белгилаб олдилар, тадбирларни амалга ошириш жадвали, вазифалар ва масъулиятларни тақсимлаш, шунингдек, зарур маълумотлар ва материалларни тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Миссиянинг асосий вазифаси интеллектуал мулк соҳасидаги ҳужжатларни рақамлаштириш, мавжуд маълумотларни тозалаш ва миграция қилиш, шунингдек, IP Adliya ахборот тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий режаларни ишлаб чиқиш ва келишишдан иборат.
Ишнинг биринчи куни иштирокчилар интеллектуал мулк объектлари билан боғлиқ архив ҳужжатларини рақамлаштириш, уларни сақлаш ва қайта ишлаш масалаларини кўриб чиқдилар.
Турли ахборот тизимларидаги маълумотларни солиштириш, хатоларни аниқлаш, шунингдек, ахборотларни тозалаш ва миграция қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Миссия давомида томонлар ҳужжатларни рақамлаштириш стандартлари ва иш жараёнларини, маълумотлар сифатини ошириш мезонларини ҳамда уларни IP Adliya тизимига кўчириш механизмларини батафсил кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Корея томони билан ҳамкорлик интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, рақамли хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлашга қаратилган.