Ўзбекистон ва ACWA Power янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва ACWA Power янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 4 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 59 йиллик анжумани доирасида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “Висион Инвест” компаниясининг президенти ва ижрочи директори Омар ал Мидани ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари, ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш ҳамда қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтириш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамаларда томонлар давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, жумладан, соғлиқни сақлаш – Фарғонада кўп тармоқли шифохона барпо этиш лойиҳасини самарали ташкил этиш, транспорт соҳасида инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, “Янги Тошкент” халқаро аэропорти лойиҳасини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда яшил энергия ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларга алоҳида урғу берилди.
Шунингдек, учрашувда мамлакатимизда макроиқтисодий ривожланиш борасида эришилаётган натижалар, рақамли ривожланиш, коммуникация ва ИТ соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда самарали ва манфаатли лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олди.