Ўзбекистонда Тошкент-Хива йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилди
Ўзбекистонда Тошкент-Хива йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 5 май куни «Тошкент-Марказий» вокзалида Ҳюндаи Ротем компаниясининг Тошкент - Хива - Тошкент йўналишида қатновчи биринчи "Жалолиддин Мангуберди" йўловчи поезди тантанали равишда ишга туширилди.
Тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти раҳбарияти, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, шунингдек, Ҳюндаи Ротем компаниясининг юқори мартабали раҳбарлари ва мутахассислари, фахрийлар, темирйўлчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Х.Рахметов табрик сўзи билан мурожаат қилди. У Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари туфайли биз темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва халқаро транспорт алоқаларини мустаҳкамлашда сезиларли ютуқларга эришаётганимизни таъкидлади.
Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Q.Sabirov ҳам меҳмонларни поезднинг ишга туширилиши билан табриклади. У янги йўналишнинг ички туризмни ривожлантиришдаги аҳамиятини таъкидлади, темир йўлчиларга фидойи меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди ва йўловчиларга қулай ва ёқимли саёҳатлар тилади.
Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Вон До Ён ўз нутқида мамлакатларимиз ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликни ва Ҳюндаи Ротем компаниясининг Ўзбекистон ҳаракатланувчи таркибини модернизация қилишга қўшган ҳиссасини таъкидлаб, мамлакат темир йўл транспортига янада равнақ тилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган бу лойиҳалар аввало, давлатимиз раҳбарининг темир йўл тармоғидаги ислоҳотларининг натижаси эканлигни айтиб, ушбу юқори тезликда ҳаракатланадиган замонавий поезд пойтахтимиз Тошкентни мамлакатимизнинг шимолий ҳудудидаги қадимий ва туризм шаҳри бўлган Хива билан боғлаши юртимиз темир йўл транспорти тарихида катта муваффақият эканлигини мамнуният билан тилга олишди. Шунингдек, ўзбекистонлик ва Корея мутахассисларнинг, темир йўл соҳаси вакилларининг меҳнати ва изланишлари нажитаси эканлиги алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда тезюрар поездларимиз Тошкентдан Хивагача бўлган масофани 14 соатда босиб ўтаётган бўлса, “Ҳюндаи Ротем” поездлари ҳаракатга қўйилиши билан мазкур масофа вақти деярлик икки баробарга қисқаради. Ушбу юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар Тошкентдан Хивагача бўлган 1 минг 22 километрлик масофани 7 ярим соатда босиб ўтади.
250 километр тезликда ҳаракатлана оладиган замонавий поездлар таркибининг узунлиги 175 метр, сиғими 389 ўрингача. 7 та вагондан иборат.
“Ҳюндаи Ротем” компаниясининг юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлари Ўзбекистоннинг иқлим шароитига тўлиқ мослаштирилган. Яъни +50 ҳароратдаги иссиқлик ҳамда –40 даражадаги совуқликда ҳам ишончли ҳаракатланиш имконига эга. Поезд Қизилқум чўлининг қумли участкаларидан ўтаётганда ҳам вагонлар ичига чанг мутлақо кирмайди, ҳаддан ташқари юқори ва паст ҳароратларга, қум-бўронларга чидамли тизимлар билан жиҳозланган ҳамда узоқ масофаларга саёҳат қилиш учун мўлжалланган.
Янги поезд вагонларида ўриндиқлар йўловчи хоҳишига қараб ҳар икки йўналиш бўйича бурилади, шунингдек, вагонларда кузатув камералари ҳам ишлаб туради, махсус экранларда эса ҳаракат харитаси ва тезлик кўрсаткичлари кўрсатиб берилади.
Замонавий “Жалолиддин Мангуберди” поездларининг Тошкент – Хива – Тошкент йўналишидаги қатновлари қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:
Йўналиш: Тошкент - Хива
«Тошкент-Марказий» вокзали → Хива Жўнаш вақти: 07:00
Хивага етиб бориш вақти: 14:31
Йўналиш: Хива - Тошкент
«Хива» вокзали → «Тошкент-Марказий» вокзали Жўнаш вақти: 07:20
Тошкентга етиб келиш вақти: 14:51
Қатнов кунлари:
Тошкент → Хива: ҳафтанинг сешанба, пайшанба, шанба кунлари
Хива → Тошкент: ҳафтанинг чоршанба, жума, якшанба кунлари
Қатнов бошланиш саналари:
5 май — Тошкентдан илк қатнов
6 май — Хивадан илк қатнов