Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Пенсия жамғармаси вакиллари Малайзияга ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг KWAP пенсия жамғармаси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Томонлар пенсия активларини узоқ муддатли бошқариш, инвестиция портфелларини шакллантириш, молиявий хатарларни назорат қилиш ҳамда пенсия тўловлари барқарорлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.
Инвестиция бошқарувчиларини жалб қилиш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий тажрибага алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари Малайзия давлат хизматчилари пенсия тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳам кўриб чиқди. Жумладан, уни молиялаштириш манбалари, пенсияларни ҳисоблаш тартиби, меҳнат стажига қўшиладиган даврлар ва пенсия тўловларининг энг кам миқдорини белгилаш механизмлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, томонлар фуқаролар давлат секторидан хусусий секторга ўтганида уларнинг пенсия ҳуқуқларини сақлаб қолиш бўйича тажриба алмашди.
Учрашув икки мамлакатнинг пенсия тизимларини ташкил этишга доир ёндашувларини ўрганиш ва ушбу соҳадаги халқаро тажриба билан ўртоқлашиш учун майдон бўлди.