Ўзбекистон ва Латвия фарматсевтика саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Латвия фарматсевтика саноати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Зафар Касимов ҳамда Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Яунземс Гиртс бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Латвия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қулай инвестиция муҳити ҳамда фармацевтика тармоғининг жадал ривожланишини юқори баҳолади.
Музокаралар чоғида фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, юқори сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, Европа стандартларига мос ишлаб чиқариш амалиётини жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, “Tashkent Pharma Park” (“Bio Pharma City”) инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд инфратузилма, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажрибалар алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича мулоқотни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.