Ўзбекистон ва KАU учувчиларни тайёрлашни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва KАU учувчиларни тайёрлашни кенгайтирмоқда

Ўзбекистон ва KАU учувчиларни тайёрлашни кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Махкамов ҳамда Korea Aerospace University (КАУ) президенти Хи Ён Хурр бошчилигидаги делегация ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашув давомида 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент давлат транспорт университети ҳамда КАУ ўртасида ташкил этилган учувчиларни тайёрлаш бўйича 1+2+1 қўшма таълим дастурининг истиқболлари, шунингдек авиация соҳасида бошқа йўналишларда мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, Korea Aerospace University Жанубий Кореянинг етакчи ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланиб, мамлакатнинг аэрокосмик соҳада глобал етакчига айланишида муҳим ўрин тутади. Университет илмий-тадқиқот фаолиятида юқори натижаларга эришган бўлиб, ўзининг парвозларни тайёрлаш маркази ҳамда сунъий йўлдошларни бошқариш маркази каби замонавий инфратузилмага эга. Шунингдек, у Boeing, Airbus ва NASA каби халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Музокаралар чоғида КАU президенти томонидан 2027 йилда Кореяда таълим олаётган ўзбекистонлик учувчи-талабаларнинг юртимизга қайтиши, улар учун зарур инфратузилмани шакллантириш, шунингдек ўқув машғулот ҳаво кемалари ва тренажёрлар билан таъминлаш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. 

Шу билан бирга, КАU томони Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган учувчиларни тайёрлаш парвоз мактабига ўқув-методик материаллар, дарсликлар ва замонавий дастурий таъминотни тақдим этишга тайёр эканини, шунингдек учувчи-талабаларни малакали инструкторлар билан таъминлаш имкониятлари мавжудлигини маълум қилди. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан КАUга юбориладиган курсантларни келгусида инструктор сифатида тайёрлаб, юртимизга қайтариш ташаббуси илгари сурилди. Таъкидланганидек, мазкур ёндашув учувчи кадрлар тайёрлаш харажатларини қисқартиришга хизмат қилади.

Қайд этиш лозимки, 2023 йилдан буён Ўзбекистонда учувчиларни “бошланғич тайёрлаш” бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бугунги кунда бир-биридан мустақил 5 та ўқув дастури йўлга қўйилган. Натижада 4 562 нафар талаба ушбу йўналишда таҳсил олмоқда, уларнинг бир қисми халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида хорижий давлатларда, жумладан Корея ва Словенияда таълим олмоқда.

Учувчиларни бошланғич тайёрлаш жараёни халқаро фуқаро авиацияси талабларига мувофиқ амалга оширилиб, назарий билимлар билан бир қаторда кичик ўқув ҳаво кемаларида амалий парвозларни ҳам ўз ичига олади. Ушбу босқичда Хусусий учувчи лицензиясини (ППЛ) олиш асосий аҳамиятга эга ҳисобланади. Кейинги босқичларда эса учувчиларни қайта тайёрлаш ва янги турдаги ҳаво кемаларига мослаштириш ишлари амалга оширилади.

Шу ўринда, Uzbekistan Airways Training Center учувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида замонавий инфратузилмага эга эканини таъкидлаш жоиз. Марказ юқори аниқликдаги профессионал тренажёрлар билан жиҳозланган бўлиб, халқаро стандартлар асосида фаолият юритмоқда. Бошланғич тайёргарлик босқичида эса Словениянинг «Egmont Aviation» академияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 

Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда авиация таълими сифатини халқаро стандартлар асосида янада ошириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва юқори малакали, рақобатбардош учувчи кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг