Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мурунтов конида ЙТҲда икки ходим ҳалок бўлди

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 18:25 · 20 views
Мурунтов конида ЙТҲда икки ходим ҳалок бўлди

Мурунтов конида ЙТҲда икки ходим ҳалок бўлди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Навоий вилоятидаги «Мурунтов» конида BelAZ карер автосамосвали иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар ходим ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар қилди.

Корхона маълумотига кўра, авария 21 июль куни соат тахминан 05:30 да кон ҳудудида содир бўлган. BelAZ карер автосамосвали хизмат автомобили Toyota билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида икки нафар ходим вафот этган.

НКМКда маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Шу билан бирга, назорат қилувчи давлат органлари томонидан махсус текширув ўтказилиб, унинг доирасида авариянинг ҳолатлари ва келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Хабарда, шунингдек, комбинатнинг масъул хизматлари томонидан келгусида бундай ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда гувоҳлар ва НКМК ходимлари дунёдаги энг йирик олтин конларидан бири ҳудудидаги айрим йўл участкаларида ёритиш тизими мавжуд эмаслиги, шунингдек, етарли даражада сув сепилмагани сабабли чанг кўтарилиб, кўриш имконияти ёмонлашаётганини таъкидламоқда.

Ушбу маълумотлар НКМК хабарида изоҳланмаган.