Кибержиноятчилик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Кибержиноятчилик тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сенатга юборилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни янада кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи сифатида белгиланиб, кибержиноятларга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини мувофиқлаштириш, профилактика ишларини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда ваколатли идоралар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш бўйича аниқ ваколатларга эга бўлади.
Шунингдек, банклар, тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари ва интернет-провайдерларининг масъулияти ҳам кучайтирилмоқда. Улар шубҳали операцияларни ўз вақтида аниқлаш, киберхавфлар ҳақида ваколатли органларга зудлик билан ахборот тақдим этиш, рақамли далилларни сақлаш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча мажбуриятларни бажаради.
Муҳокамаларда кибержиноятлардан жабрланган шахсларни ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қонун лойиҳасида уларни реабилитация қилиш, ҳуқуқий, психологик ва заруратга кўра тиббий ёрдам кўрсатиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда рақамли ва молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, молиявий пирамида кўринишидаги фирибгарликларни барвақт аниқлаш, уларнинг тарқалишининг олдини олиш, аҳолини кибертаҳдидлар ҳақида тезкор огоҳлантириш, шунингдек жамиятда кибермаданият ва кибергигиена кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилувчи ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида янада такомиллаштирилган. Хусусан, асосий тушунчалар амалдаги қонунчилик билан мувофиқлаштирилди, ҳуқуқий ноаниқликка сабаб бўлиши мумкин бўлган нормалар қайта таҳрир қилинди, давлат органларининг ваколатлари, ўзаро ҳамкорлиги ва масъулиятини белгилайдиган қоидалар аниқлаштирилди.
Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши кибержиноятларга қарши курашишнинг замонавий ва самарали ҳуқуқий тизимини шакллантириш, шахс, жамият ва давлатнинг кибермакондаги ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек фуқароларнинг рақамли хизматлардан хавфсиз фойдаланиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.