Жиззах вилоятининг Бахмал туманида сел оқими сабаб 32 нафар дам олувчи эвакуация қилинди
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида сел оқими сабаб 32 нафар дам олувчи эвакуация қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятининг Бахмал туманида тоғли ва тоғ олди ҳудудларида кузатилган кучли ёмғирлар натижасида вайронкор сел оқими юз берди. Табиий офат 18 июнь, пайшанба куни содир бўлган.
Фавқулодда ҳолат юз берган ҳудудга ички ишлар органларининг мобиль гуруҳлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари, Миллий гвардия ходимлари, туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли идоралар вакиллари зудлик билан етиб келди.
Сел оқими «Жум-Жум» қишлоғи ва «Нушкент» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи тоғ сойининг табиий ўзани бўйлаб ҳаракатланган.
Табиий офатнинг асосий зарбаси яқин атрофда жойлашган «Жум-Жумсой» дам олиш масканига тўғри келган. Ҳодиса вақтида бу ерда 32 нафар фуқаро дам олаётган бўлган.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ходимлари ва қутқарувчиларнинг тезкор ҳамда мувофиқлаштирилган ҳаракатлари туфайли барча дам олувчилар зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Маълум қилинишича, ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Маҳаллий аҳолининг турар жойлари, инфратузилма объектлари ҳамда чорва молларига ҳам зарар етмаган.
Шу билан бирга, табиий офат транспорт инфратузилмасига маҳаллий миқёсда моддий зарар етказган. Сел оқими натижасида «Жум-Жумсой» туристик ҳудудига олиб борувчи кўприкнинг бир қисми ювилиб кетган ва жиддий шикастланган.
Бундан ташқари, сув оқими зарбаси остида қолган автотранспорт воситалари ҳам зарар кўрган. Иккита Damas ва битта Gentra автомашинаси механик шикаст олган.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти маълумотига кўра, айни пайтда ҳодиса жойида барча зарур тиклаш ишлари якунланган ва табиий офат оқибатлари тўлиқ бартараф этилган.