Бишкекда транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Бишкекда транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 апрель куни Бишкек шаҳрида “Қирғизистон – минтақавий хаб: қитъаларни боғловчи кўприк” мавзусида халқаро транспорт форуми бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда ШҲТ ва ТДТ га аъзо мамлакатлар транспорт вазирлари, халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва соҳавий идоралар вакиллари иштирок этишди.
Форум давомида транспорт йўлакларини ривожлантириш, логистика занжирларини мустаҳкамлаш ва рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш ва халқаро юк ташиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илхом Махкамов иштирок этиб, очилиш маросимида нутқ сўзлади. Ўз нутқида Илҳом Маҳкамов Марказий Осиё бугунги кунда яна бир бор глобал транспорт ва савдо йўлларининг муҳим туташ нуқтасига айланаётганини таъкидлаб, ушбу жараёнда Қирғизистон Ўзбекистон учун нафақат яқин қўшни, балки стратегик ҳамкор эканини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга, у замонавий транспорт тизими фақат инфратузилма эмас, балки рақамли ва интеллектуал муҳит эканини таъкидлаб, тўсиқсиз транспорт маконини яратиш устувор вазифа эканини билдирди. Шу нуқтаи назардан транспорт соҳасида рақамлаштиришга алоҳида урғу берилиб, “E-permit” ва “E-CMR” каби электрон тизимларни жорий этиш орқали чегаралардаги тўсиқларни бартараф этиш, юк ташиш жараёнларини тезлаштириш ва шаффофликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Шунингдек, вазир транспорт соҳасида мултимодал ёндашувни ривожлантириш, “яшил” коридорларни шакллантириш, замонавий логистика марказларини ташкил этиш ва рақамли технологиялар орқали барча жараёнларни шаффоф ва самарали қилиш зарурлигини алоҳида қайд этди.