Бахтиёр Саидов Сингапур Бош вазири Лоуренс Вонг билан учрашди
Бахтиёр Саидов Сингапур Бош вазири Лоуренс Вонг билан учрашди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов расмий ташриф доирасида Сингапур Республикаси Бош вазири Лоуренс Вонг билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Сингапур ҳукумати раҳбарига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Музокаралар чоғида томонлар икки мамлакат стратегик мақсадларининг чуқур уйғунлигини қайд этдилар. Ўзбекистон ва Сингапур жадал иқтисодий тараққиётни таъминлаш, самарали давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, инновацияларни жорий этиш ҳамда инсон капиталига изчил сармоя киритиш масалаларида муштарак ёндашувларни намоён этаётгани таъкидланди.
Бахтиёр Саидов бутун дунёда эътироф этилган Сингапур тараққиёт модели ва барқарор давлат институтларини шакллантириш бўйича ноёб тажриба бугунги кунда Ўзбекистонда фаол амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлади.
Томонлар амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Учрашув давомида таълим тизимини модернизация қилиш, рақамли трансформация, молия сектори, инновацияларни рағбатлантириш ва давлат бошқарувининг замонавий стандартларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар бўлиб ўтган музокаралар икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва уларни янги амалий мазмун билан бойитиш учун мустаҳкам замин яратишига қатъий ишонч билдирдилар.