Ўзбекистонда август ойида 33,4 мингта эскроу битими расмийлаштирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил август ойида Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олди-сотди қилиш бўйича 33 392 та битим расмийлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.
Жами битимларнинг 17 807 таси транспорт воситаларига тўғри келиб, уларнинг улуши 53,3 фоизни ташкил этди. 15 585 та битим ёки 46,7 фоизи кўчмас мулк объектлари бўйича амалга оширилди. Ой якунига келиб яна 4346 та битимни расмийлаштириш жараёни давом этган.
Энг юқори фаоллик Тошкент шаҳрида қайд этилди. Бу ерда 10 487 та битим расмийлаштирилиб, мамлакат бўйича умумий кўрсаткичнинг 31,4 фоизини ташкил қилди. Фарғона вилоятида 3245 та, Самарқанд вилоятида 2941 та, Андижон вилоятида эса 2395 та битим рўйхатга олинди.
Ўзбекистонда эскроу ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китоблар 1 апрелдан кучга кирган янги низом билан тартибга солинади. Ушбу ҳужжат нотариуслар ва банклар ўртасида маълумотларни электрон алмашиш тартибини белгилайди. Низом 10 йилдан ошмаган кўчмас мулк объектлари, M, N, O ва G тоифаларига кирувчи транспорт воситалари, шунингдек, махсус автотранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилади. Белгиланган тартибга кўра, бундай битимлар бўйича ҳисоб-китоблар фақат эскроу ҳисобварақлари орқали амалга оширилади, маблағлар эса шартнома нотариус томонидан тасдиқланганидан кейингина сотувчига ўтказилади.
Битимни нотариал тасдиқлашдан олдин нотариус автоматлаштирилган тизим орқали эскроу ҳисобварағида маблағ мавжудлигини текшириши шарт. Ҳисобварақда маблағ бўлмаган ёки у ёпилган тақдирда, нотариус шартномани расмийлаштиришни рад этиши мумкин.
Агар ҳисоб-китоблар бир нечта сотувчи ёки уларнинг вакилларига тўловларни амалга оширишни назарда тутса, маълумотлар ҳар бир маблағ олувчи бўйича алоҳида шакллантирилади.
Низом ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Марказий банк зиммасига юклатилган. Белгиланган талабларни бузганлик учун қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик назарда тутилган.