Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва IFAD янги қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ишга туширишни тезлаштиради

UzDaily таҳририяти · 22.07.2026 · 11:56 · 50 views
Ўзбекистон ва IFAD янги қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ишга туширишни тезлаштиради

Ўзбекистон ва IFAD янги қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини ишга туширишни тезлаштиради

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Италиянинг Рим шаҳрида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида ўтказилаётган Қишлоқ хўжалиги қўмитасининг (COAG) 30-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (IFAD) вице-президенти Донал Браун билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида 44 миллион АҚШ доллари қийматидаги ASPIR – Агробизнесни қўллаб-қувватлаш лойиҳасини қисқа муддатларда амалий босқичга ўтказиш масалалари муҳокама қилиниб, лойиҳани тезроқ бошлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, ИФАД билан ҳамкорликнинг навбатдаги босқичига оид янги лойиҳаларни тайёрлаш таклиф этилди. Хусусан, Ўзбекистонда йўлга қўйилган Дрон академияси тажрибасини кенгайтиришга қаратилган ташаббус IFAD томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Томонлар лойиҳа концепциясини қисқа муддатда ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш ишларини бошлашга тайёр эканликларини билдирдилар.

Мулоқот чоғида 2027 йил февраль ойида бўлиб ўтадиган IFAD Бошқарув кенгашининг 50 йиллик юбилей сессияси масаласи ҳам муҳокама қилинди. IFAD вице-президенти Донал Браун Ўзбекистонни мазкур нуфузли тадбирда иштирок этишга таклиф этиб, мамлакатимиз иштироки халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлади.

Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, янги ташаббусларни амалга ошириш Ўзбекистон ва ИФАД ўртасидаги стратегик ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.