Депутатлар ер ижараси муддатини 49 йилгача узайтиришни маъқулладилар
Депутатлар ер ижараси муддатини 49 йилгача узайтиришни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тизимлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш муддатини амалдаги ўттиз йилдан қирқ тўққиз йилга узайтириш таклиф этилмоқда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ижарага беришнинг энг кўп муддати эса қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалиги ерларидан иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тартиби белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида унинг нормалари масъул қўмита ва депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокида батафсил муҳокама қилиниб, ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди.
Хусусан, қонун лойиҳасида халқаро амалиётдан келиб чиқиб қонунчиликдаги чет эл фуқароларига ер ажратиш билан боғлиқ тарқоқ нормаларни тизимлаштиришга, мудофаага мўлжалланган, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари чет элликларга берилмаслигига қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, ноқишлоқ ерлар ижарасига оид қоидалар соддалаштирилиб, ерларни аукцион орқали ижарага олишга ва ушбу ерни қайта ижарага беришга рухсат берилмоқда. Бундан ташқари, якка тартибдаги уй-жойлар жойлашган ер участкаси ижара ҳуқуқи асосида берилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қонун қабул қилиниши ер муносабатларида ҳуқуқий аниқликни таъминлашга ва давлат назоратини мустаҳкамлашга, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.