Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон суғурта бозорида 2026 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра 8,019 триллион сўмлик суғурта мукофотлари йиғилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6 фоизга кўп. 2025 йилнинг биринчи ярмида ушбу кўрсаткич 6,235 триллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) хабар берди.
Бозордаги суғурта ташкилотлари сони бир йил ичида 34 тадан 35 тага ошди. Шундан ҳаётни суғурталаш билан шуғулланувчи компаниялар сони олтитадан еттитага етди. Суғуртачиларнинг жами устав капитали 37,2 фоизга ошиб, 4,293 триллион сўмни ташкил қилди.
Суғурта агентлари сони 3442 тадан 3951 тага етди, яъни 14,8 фоизга кўпайди. Шу билан бирга, юридик шахс мақомидаги агентлар сони 16,6 фоизга камайиб, 1188 тани ташкил этди.
Суғурта брокерлари сони 11 тадан 10 тага қисқарди, актуарийлар сони эса ўзгармади — еттита. Тўловларни кафолатлаш жамғармаси иштирокчиси бўлган суғурта ташкилотлари сони ҳам бир йил давомида ўзгармай, 25 тани ташкил этди.
Суғурта мукофотлари ўсишига асосий ҳиссани аввалгидек умумий суғурта соҳаси қўшган. Унда йиғилган мукофотлар 28,1 фоизга ошиб, 7,495 триллион сўмга етди. Ҳаётни суғурталаш бўйича мукофотлар эса 36,6 фоизга ўсиб, 524,8 миллиард сўмни ташкил қилди.
Жами суғурта мукофотлари таркибида ихтиёрий суғуртанинг, ҳаётни суғурталаш ҳисобга олинмаган ҳолда, улуши қарийб 83 фоизни, мажбурий суғуртанинг улуши тахминан 11 фоизни, ҳаётни суғурталашнинг улуши эса қарийб 7 фоизни ташкил этди.
Бозор бўйича суғурта тўловлари 80,9 фоизга ошиб, 2,253 триллион сўмга етди. Умумий суғурта соҳасида тўловлар 82,6 фоизга кўпайиб, 2,156 триллион сўмни ташкил қилди. Шундан ихтиёрий суғурта бўйича тўловлар 1,930 триллион сўмни ташкил этиб, 97,1 фоизга ошди. Ҳаётни суғурталаш соҳасида эса тўловлар 49,8 фоизга ўсиб, 96,6 миллиард сўмга етди.
Бозор иштирокчиларининг жами суғурта мажбуриятлари 48,2 фоизга ошиб, 4,415 триллион сўмни ташкил қилди. Энг кескин ўсиш ҳаётни суғурталаш соҳасида қайд этилди. Бу ерда мажбуриятлар 34 баробардан зиёд — 13,3 миллиард сўмдан 460,5 миллиард сўмгача ошган.
Ушбу ўсишнинг деярли барчаси Apex Life Insurance компанияси ҳисобига тўғри келган. Компаниянинг мажбуриятлари 9,6 миллиард сўмдан 455 миллиард сўмгача ошган. Натижада ҳаётни суғурталаш соҳасидаги мажбуриятлар ўсишининг қарийб 99,6 фоизи мазкур компания ҳиссасига тўғри келди. Ярим йил якунига кўра, компания ушбу сегментдаги барча мажбуриятларнинг тахминан 98,8 фоизини эгаллаб турибди.
Суғурта ташкилотларининг жами инвестициялари бир йил ичида 28,8 фоизга кўпайиб, 10,740 триллион сўмга етди. Инвестиция портфели таркибида банк депозитларининг улуши 60,9 фоиздан 65,1 фоизга ошиб, 6,991 триллион сўмни ташкил қилди. Қимматли қоғозларнинг улуши эса 16,7 фоиздан 14,2 фоизга, кўчмас мулкнинг улуши 18,7 фоиздан 16,5 фоизга тушди. Бошқа инвестициялар улуши 1,9 фоиздан 3,1 фоизга ошди.
Умумий суғурта соҳасида соф суғурта мукофотлари ҳажми бўйича бозор етакчиси сифатида АЖ Apex Insurance қолмоқда. Компаниянинг соф суғурта мукофотлари 1,524 триллион сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 41,2 фоизга ошган.
Ҳаётни суғурталаш сегментида эса АЖ Apex Life Insurance етакчилик қилмоқда. Компаниянинг соф суғурта мукофотлари 380,9 миллиард сўмни ташкил этди, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 53,4 фоизга юқори.