Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Молия

Ўзбекистон ва Жаҳон банки солиқ маъмурчилигини ривожлантирмоқда

Дилафруз Ниязова · 28.08.2026 · 12:15 · 54 views
Ўзбекистон ва Жаҳон банки солиқ маъмурчилигини ривожлантирмоқда
Ўзбекистон ва Жаҳон банки солиқ маъмурчилигини ривожлантирмоқда / Фото: Солиқ қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Солиқ қўмитасида Глобал солиқ дастури (GTP) доирасида мамлакатга техник кўмак миссияси билан келган Жаҳон банки мутахассислари билан учрашув бўлиб ўтди. Миссиянинг иш ташрифи 2026 йил 24–28 август кунлари давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси хабар берди.

Музокараларда Жаҳон банкининг бошқарув масалалари бўйича етакчи мутахассиси ва лойиҳа раҳбари Ян Лёприк бошчилигидаги вакиллар ҳамда Солиқ қўмитаси мутахассислари иштирок этди. Томонлар асосий эътиборни солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратди.

Хусусан, иштирокчилар Солиқ маълумотларини қайта ишлаш ва сақлаш маркази инфратузилмасини ривожлантириш, идоралараро ахборот алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, қўшилган қиймат солиғи ва электрон ҳисобварақ-фактуралар бўйича маълумотларни таҳлил қилиш механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Алоҳида йўналиш сифатида хавфларни баҳолаш асосида солиқ аудити тизимини ривожлантириш масаласи кўриб чиқилди. Томонлар маълумотларни таҳлил қилишда замонавий ёндашувларни янада қўллаш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Жаҳон банки узоқ вақтдан бери ислоҳотларни амалга оширишда Солиқ қўмитасининг асосий халқаро ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ҳамкорлик доирасида солиқ маъмурчилигини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли лойиҳа амалга оширилди. У асосий бизнес жараёнларини автоматлаштириш, маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органларининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлашни назарда тутган.

Жаҳон банки кўмагида рақамли солиққа тортиш, электрон тижорат, солиқ тафовутини таҳлил қилиш ва солиқ органлари фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланишга бағишланган халқаро семинарлар ҳамда экспертлик тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Аввал амалга оширилган лойиҳа тўлиқ якунланган. Айни пайтда томонлар унинг якунланганини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш учун зарур тартиб-таомилларни амалга оширмоқда, ҳамкорлик эса Глобал солиқ дастури доирасида давом эттирилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича Солиқ қўмитаси ва Жаҳон банки Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳамкорликни ва қўшма ишларни давом эттиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.