Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
O'z Ўз Ру En
Молия

Ўзбекистон Марказий Осиё молиявий хаби ролини кучайтирмоқда

Дилафруз Ниязова · 24.08.2026 · 21:36 · 39 views
Ўзбекистон Марказий Осиё молиявий хаби ролини кучайтирмоқда
Ўзбекистон Марказий Осиё молиявий хаби ролини кучайтирмоқда / Фото: Ўзбекистон Марказий банки.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 24 август куни Silk Road Finance & Technology Forum 2026 иш бошлади. Унда Марказий Осиёда молиявий технологияларни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва трансчегаравий молиявий алоқаларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Форумда 74 мамлакатдан 6 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.

Тадбир Ўзбекистон Марказий банки ва Сингапурнинг Global Finance & Technology Network (GFTN) ташкилоти томонидан ташкил этилган. Ant International эса ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этмоқда.

Форумда қарийб 200 нафар маърузачи ва бошқарувидаги активларининг умумий ҳажми 4 миллиард долларни ташкил этувчи 25 дан ортиқ инвестор қатнашмоқда. Асосий дастур 24–25 август кунлари CAEx кўргазмалар марказида ўтказилади. 26 август куни форум Ислом цивилизацияси марказида ислом молияси ва тадбиркорлигига бағишланган The Azimuth махсус ташаббуси доирасида давом этади.

Иштирокчилар Марказий Осиёнинг янги молиявий коридорини бешта асосий йўналиш бўйича шакллантириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Улар рақамли тўловлар ва инфратузилма, ислом молияси ва янги коридорлар, сунъий интеллект ва илғор технологиялар, токенизация ва рақамли активлар, шунингдек, трансчегаравий молия ва тартибга солишдан иборат.

Форумни очиб берган Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Тимур Ишметов мамлакат молиявий трансформациясининг кейинги босқичини белгилаб берди. Устувор йўналишлар қаторида ислоҳотларни инвестиция учун жозибадор бозорларга айлантириш, узоқ муддатли капитални жалб қилиш, ислом молиясига кириш имкониятларини кенгайтириш ва трансчегаравий молиявий инфратузилмани яратиш қайд этилди.

Тимур Ишметов ўз нутқида халқаро инвесторлар ва технология компанияларини Ўзбекистонда лойиҳаларни ривожлантиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат инвестициялар, технологиялар, эксперт билимлари ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун очиқ.

Ташкилотчилар маълумотларига кўра, Ўзбекистон форумга иқтисодий кўрсаткичлар ўсиши ва молиявий ислоҳотларнинг давом этаётгани шароитида мезбонлик қилмоқда. 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга ўсган, биринчи чоракда хорижий инвестициялар ҳажми 8,3 миллиард долларни ташкил этган. Июнь ойида халқаро рейтинг агентлиги Moody’s Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини Ba3 дан Ba2 гача оширган.

Ислоҳотлар доирасида очиқ банкинг, рақамли тўловлар ва инновацион ечимларни лицензиялаш тизими ҳам ривожлантирилмоқда.

Миллий финтехни ривожлантириш стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар финтех соҳасига 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, лицензияга эга бозор иштирокчилари сонини 200 тадан ошириш, 100 та стартапни инкубация қилиш ва 5 минг нафар мутахассис тайёрлаш режалаштирилган.

Форум материалларида қайд этилишича, мамлакатда рақамли тўловларнинг қамров даражаси 2021 йилдаги 39 фоиздан 2025 йилда 71 фоизга етган.

Дастурда ислом молиясига ҳам алоҳида ўрин ажратилган. 2026 йил июнь ойида кучга кирган янги исломий банк фаолияти тўғрисидаги қонун шариат меъёрларига мувофиқ банк фаолияти учун ҳуқуқий асос яратди. Ташкилотчилар баҳосига кўра, бу жаҳон ислом молияси активлари ҳажми қарийб 6 триллион долларга етаётган бир шароитда Ўзбекистон учун ислом капитали жалб қилишнинг янги каналини очиши мумкин.

26 август куни ўтказиладиган The Azimuth дастури ислом молияси стандартлари, шариат бошқаруви, ликвидлик, рақамли инфратузилма ва трансчегаравий капитал масалаларига бағишланади.

Трансчегаравий тўловлар ва ҳисоб-китоблар ҳам форумнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. Иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатларининг миллий тўлов тизимларини ўзаро боғлаш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу пул ўтказмалари қийматини пасайтириш ва ҳисоб-китобларни тезлаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Форум материалларида корпоратив бошқарув, киберхавфсизлик, молия бозорларининг ликвидлиги ва тартибга солишнинг прогноз қилинадиган бўлиши зарурлиги ҳам таъкидланган. Бу омиллар сунъий интеллект, токенизация ва рақамли активлар соҳасидаги ечимларни кенг миқёсда жорий этиш учун зарур шартлар сифатида кўриб чиқилмоқда.

Global Finance & Technology Network гуруҳи бош директори Сопнэнду Мохантининг таъкидлашича, Ўзбекистон рақамли молияни ривожлантириш ва Марказий Осиёнинг халқаро бозорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун институтлар ҳамда инфратузилмани шакллантирмоқда.

Форумда минтақада саноат ва молиявий кооперацияни ривожлантириш, бозорлар ўртасида капитал ва маълумотлар ҳаракати учун инфратузилма яратиш ҳамда институционал инвесторларнинг иштирокини кенгайтириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.