ABB Ўзбекистонда Davr Bank билан қўшма лойиҳани бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 23 август куни Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Илҳом Алиев иштирокида онлайн форматда ABB Davr лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа Озарбайжоннинг ABB банки томонидан Ўзбекистондаги Davr Bank акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш ва банкнинг мамлакат бозорида ABB Davr бренди остида фаолиятини давом эттиришини назарда тутади. Бу ҳақда ABB хабар берди.
Маросим Озарбайжон томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларни очиш ва уларга тамал тоши қўйилишига бағишланган тадбир доирасида ўтказилди. Илҳом Алиев лойиҳанинг ишга туширилишини Озарбайжоннинг етакчи банкларидан бирининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши сифатида баҳолади.
Davr Bank акцияларининг назорат пакетини сотиб олиш бўйича келишув ABB бошқарув раиси Аббос Иброҳимов ва Davr Bank акциядори ҳамда Кузатув кенгаши раиси Лутфулла Убаев томонидан 22 август куни Тошкентда ўтказилган IV Ўзбекистон–Озарбайжон минтақалараро форуми доирасида имзоланди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, тартибга солувчи органларнинг барча зарур рухсатлари олинган, тегишли келишувлар имзоланган. Битимни якунлаш транзакция бўйича якуний ҳисоб-китобларга боғлиқ.
Ўзбекистон бозорига кириб келиш ABBнинг 2026–2028 йилларга мўлжалланган банкни ривожлантириш стратегик режасида белгиланган географик экспансия мақсадига мос келади. Банк ABB Davr бренди остида мамлакатнинг барча ҳудудларида корпоратив ва чакана мижозларга кенг турдаги молиявий хизматларни тақдим этишни режалаштирмоқда.
ABB молиявий гуруҳи Ўзбекистонда корпоратив бошқарув ва рақамли трансформация соҳасидаги ўз тажрибаларини, шунингдек, сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этишни режалаштирмоқда. Кичик ва ўрта бизнес учун комплекс молиявий хизматларга алоҳида эътибор қаратилади.
ABB компаниясида Ўзбекистон бозоридаги фаолият гуруҳни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади, деб ҳисобланмоқда. Компания, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес имкониятларини кенгайтириш ҳамда банк хизматлари соҳасида замонавий мижоз тажрибасини шакллантиришга ҳисса қўшишни режалаштирмоқда.
ABB бошқарув раиси Аббос Иброҳимов лойиҳани гуруҳнинг Ўзбекистондаги узоқ муддатли фаолияти бошланиши деб атади. Унинг сўзларига кўра, банк бизнес, фуқаролар ва мамлакат иқтисодиёти учун молиявий ҳамкор бўлиш, янги имкониятлар яратиш ҳамда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Лутфулла Убаев мазкур битим Davr Bank банк хизматлари сифатини ошириш имконини беришини таъкидлади. Унинг қайд этишича, янги ҳамкорнинг тажрибаси, инновацион технологиялари ва капитали банкка қисқа муддат ичида мижозларга замонавий молиявий маҳсулотларни таклиф этиш имконини бериши керак.
ABB, шунингдек, Ўзбекистон бозоридаги иштирок молиявий гуруҳнинг минтақавий ва халқаро мавқеларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.