Президент: Қурилиш соҳаси барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим рол ўйнайди
Президент: Қурилиш соҳаси барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим рол ўйнайди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Республика ва вилоят студияларидан йиғилишда 500 дан зиёд девелопер, қурувчи, лойиҳачи, архитектор ва урбанистлар иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари барча тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш бўйича белгилаб олинган катта марраларга эришишда қурилиш соҳасининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.
Сўнгги тўққиз йилда 10 мингга яқин янги қурилиш корхоналари иш бошлади, айланмаси 1 триллион сўмдан ошган 20 та, 100 миллиард сўмдан ўтган 365 та йирик компаниялар пайдо бўлди. Лойиҳа ташкилотлари 2 мингдан, улардан халқаро сертификат олганлари 650 дан ошди.
Қурилишда рухсат бериш босқичи 3 карра, муддати 4 карра қисқарди, 420 та шаҳарсозлик норма ва қоидаларини бирлаштириш, эскиларини бекор қилиш ҳисобига 140 та янги шаҳарсозлик норма ва қоидалари тасдиқланди.
Мазкур ишлар натижасида ўтган даврда 210 миллион квадрат метрли бино-иншоот, 647 минг хонадонли 15 мингдан ортиқ кўп қаватли уйлар барпо этилди. Қурилиш ишлари ҳажми 2016 йилда 30 триллион сўмни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 314 триллион сўмга етди.
Бугун қурилиш, қурилиш материаллари ва уларга ёндош соҳаларда 3,5 миллион аҳоли банд.
Дунёда қурилиш индустрияси шиддат билан ўзгаряпти, соҳага замонавий лойиҳа ечимлари, янги технология ва стандартлар кириб келмоқда.
Президентимиз мамлакатимиздаги қурилиш тизими бугунги ўзгаришларга қанчалик мослиги, соҳа раҳбарлари замон талаб қилаётган тезкорлик ва сифат бўйича масъулиятни ҳис қилаётгани, сейсмология ва зилзилабардошлик бўйича хавфларни инобатга олиб, янги ечимлар ишлаб чиқилаётгани борасида саволлар кўплигини қайд этилди.
Тадбиркорлик учун йилига 6,5 минг гектар ер, 600 минг квадрат метрли бино-иншоотлар савдога чиқарилмоқда, кичик ва ўрта бизнес учун 140 триллион сўм ресурс берилмоқда.
Лекин ер, кредит каби асосий масалалари ҳал бўлган тадбиркорлар қурилишни бошлаш босқичда тўсиқларга учраётгани кўрсатиб ўтилди.
Тадбиркорларнинг ҳали активга айланмаган ерига солиқ, кредитига фоиз ҳисобланяпти, лекин бюрократия, коррупция, сансалорлик кўплиги учун қурилишни бошлаш ойлаб, йиллаб чўзилаётгани танқид қилинди.
Шу боис, соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, мингдан ортиқ қурувчи ва лойиҳа ташкилотларининг таклифлари олинди. Йиғилишда ушбу таклиф ва ташаббуслар асосида ишлаб чиқилган янги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Юртимиз аҳолиси 38 миллиондан ошди, урбанизация даражаси 51 фоизга етиб, қарийб 20 миллион одам шаҳарларда яшамоқда.
– Бир нарсани яхши тушуниш зарур: агар урбанизация даражаси 1 фоизга ошса, иқтисодиёт ҳам камида 1 фоизга кўпаяди, инвестиция оқими, бизнес ва стартаплар, меҳнат унумдорлиги каррасига ўсади. Бунинг учун республикада урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича ягона ёндашув бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Бош режаларни ишлаб чиқиш учун буджетдан йилига 200-250 миллиард сўм берилмоқда. Бу маблағлар бош режаси бўлмаган ёки эскирган ҳудудларга сарфланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Кичик шаҳар ва шаҳарчаларда ҳам катта лойиҳа қиламан деган тадбиркорлар борлиги, шаҳарсозлик ҳужжати йўқлиги учун уларнинг иши тўхтаб тургани қайд этилди. Ўзи маблағ тикиб, тезроқ бош режа ишлаб чиқилишидан манфаатдор тадбиркорлар ҳам кўп.
Вилоят ҳокимлари, Урбанизация қўмитасига жорий йилда буджет маблағи ҳисобидан 6 та шаҳар, 44 та шаҳарча бўйича бош режа, яна 104 та қишлоқ бўйича мастер режани охирига етказиш, бунга қўшимча ташаббускор бизнес вакиллари билан яна 50 та аҳоли пункти бўйича шаҳарсозлик ҳужжатини ишлаб чиқишни бошлаш топширилди.
Бош режаси йўқ деган баҳона билан 2025 йилда ерни хусусийлаштириш бўйича 112 минг аризанинг 14 фоизи рад этилган.
Ҳокимларга бунинг оқибатида 4 минг гектар ерни активга айлантириш, хусусийлаштириш ҳисобидан буджетга 550 миллиард сўм қўшимча тушум бой берилгани кўрсатиб ўтилди. Уч ойда ерларни хусусийлаштириш бўйича аризаларга инсон омилисиз 5-10 дақиқа ичида онлайн жавоб берадиган тизимга ўтиш топширилди.
Бош режаларни тасдиқлаш орқали жуда катта мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Лекин бош режада кўрсатилган сув, канализация, иссиқлик, газ, электр линиялари, йўллар қачон, қайси навбатда ва қандай манбалар ҳисобидан қурилади деган саволга жавоб йўқлиги танқид қилинди.
Аслида, ҳар бир бош режани рўёбга чиқариш бўйича йилма-йил комплекс дастур қилиниб, аҳоли, тадбиркор ва масъулларга етказилиши кераклиги қайд этилди. Бундай дастурлар йўқлиги учун ҳам инфратузилмага 1 сўмлик харажат кетадиган жойга 2-3 карра кўп маблағ сарфланаётгани, пала-партиш қурилишлар ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир вилоят ҳокимига икки ойда вилоят ва туман марказларининг тасдиқланган бош режаларини рўёбга чиқариш бўйича комплекс дастурларни ишлаб чиқиш топширилди.
Мутасаддиларга комплекс дастурлардаги тадбирларнинг қайси бири республика ва маҳаллий буджетдан, қайсилари халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан бўлишини аниқ белгилаб бериш вазифаси қўйилди.
Сўнгги тўрт йилда аукционда сотилган 11,5 минг гектар ердан 3 минг гектарида қурилиш бошланмаган. Оқибатда қўшимча 100 минг иш ўрни, 20-25 триллион сўм қўшилган қиймат йўқотилаётгани қайд этилди.
Аукционга чиқарилган 582 гектар ер участкаси, 122 та давлат объекти бир йилдан бери сотилмай турибди.
Чунки хусусийлаштириш дастурини қабул қилишда ҳам, объектларни сотишда ҳам ҳокимларнинг ўрни билинмаётгани, тадбиркорларнинг фикри олдиндан ўрганилмаётгани қайд этилди. Аслида, ҳар объектни сотишда ҳудудга инвестиция, маҳалла учун иш ўрни биринчи ўринда бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Эндиликда хусусийлаштириш дастурига объектларни киритиш, уларни сотиш ва инвестиция самарадорлиги бўйича ҳокимлар Давлат активлари агентлиги билан тенгма-тенг жавоб бериши белгиланди.
Хусусийлаштириш доирасида бўлиб тўлаш шарти билан сотилган объектлар учун қолдиқ суммага ҳар йили 14 фоиз устама ҳисоблаш бекор қилинади.
Ўтган йили қурилиш билан боғлиқ 2 миллион 600 мингдан зиёд аризанинг учдан бири рад этилган.
– Масъуллар “Камчилиги учун қайтардик”, деб айтади. Лекин ичига кириб таҳлил қилса, масала кўп. Ҳамма билиб, билмаганга олади, аслида, бу – коррупция! Бунга чек қўйишнинг бирдан бир йўли – рақамлаштириш ва сунъий интеллект! – деди давлатимиз раҳбари.
Аҳоли ва тадбиркорлар қурилиш қилиш учун аввал лойиҳалашга рухсат олишга, кейин архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқишга алоҳида-алоҳида ариза бериб, ойлаб вақт сарфламоқда.
Тошкент шаҳрида 2 та хизматни бир босқичда кўриб чиқиш йўлга қўйилгани учун ҳужжатларни келишиш вақти 3-4 карра камайди. Ушбу тажрибани 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш топширилди.
Ҳозирда электр, газ, сув ва канализацияга уланиш бўйича техник шарт олиш учун ҳам ҳар бир коммунал идорага алоҳида мурожаат қилиш керак. 1 июлдан битта ариза ва битта тўлов билан барча коммунал тармоқларга техник шарт олиш имконини яратиш вазифаси қўйилди.
Сансалорликнинг яна бир сабаби – жойларда шаҳарсозлик кенгашишга аъзо 26 та идора ўртасида мулоқот ва ҳамкорлик йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис, шаҳарсозлик кенгашига Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимларининг ўзи бошчилик қилиб, тадбиркорнинг масаласига якуний ечим бериши белгиланди.
“Шаффоф қурилиш” рейтингида қурувчиларга лизингга олинган техникаси учун балл берилмаётгани нотўғри экани қайд этилди. Бундай техникалар ҳисобга олинса, камида 500 та корхонанинг рейтинги 1-2 поғона кўтарилиб, 17 триллион сўмлик бозорга кириш имкони пайдо бўлади.
Қурилиш вазирлигига лизингга олинган техникалар электрон базасини ишга тушириб, “Шаффоф қурилиш” тизимига интеграция қилиш ва балл беришни бошлаш топширилди.
Бундан ташқари, пудрат корхоналарига чет элдан йилига битта махсус техника олиб келиш бўйича чекловни бекор қилиш зарурлиги қайд этилди.
Умуман, мутасаддиларга уч ойда қурилишга рухсат олишдан бошлаб, фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларни таҳлил қилиб, талаблар, муддатлар ва тўловларни 2 баробаргача қисқартириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Ўтган йили қурилиш объектида лойиҳачи ва буюртмачиларнинг назоратчилари 42 мингта камчилик қайд этган, Қурилиш инспекцияси эса яна 250 мингдан зиёд қоидабузарлик аниқлаган. Сабаб – лойиҳачи ҳамда буюртмачиларда муаллифлик ва техник назорат бўйича манфаатдорлик йўқ.
Шу боис, жорий йил 1 июндан бошлаб давлат буюртмачилари фаолияти тўлиқ КПИга боғланиши, ходимларнинг ойлиги 3 карра оширилиши белгиланди. Лойиҳа ҳужжатини ишлаб чиқиш учун объект қийматининг 5 фоизигача маблағ берилади, муаллифлик назорати учун эса алоҳида шартнома асосида тўлов қилинади.
Шу билан бирга, энди техник назорат ёки муаллифлик назоратчиси масъул бўлган объектда қўпол қоидабузарлик аниқланса, пудрат корхонаси билан бирга назоратчиларга ҳам қатъий чора кўриш зарурлиги қайд этилди. Лойиҳачининг “Шаффоф қурилиш”даги рейтинги ҳам пасайтирилади.
Ўтган йили 400 нафар қурилиш назоратчиси ёнкамера билан таъминланди, 1 минг 221 та ижтимоий ва инфратузилма объектига видеокузатув камералари ўрнатилди.
Эндиликда буджетдан қуриладиган қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уй, йирик савдо ва саноат корхонаси, меҳмонхона, туризм объектлари қурилиши ҳам онлайн назорат камералари билан қамраб олинади.
Урбанизация қўмитасига шаҳарсозлик қоидаларини қўпол бузганлик бўйича молиявий санкция жорий қилиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Лекин кичик ва ўрта қурувчилар уёқда турсин, ҳатто юқори рейтинг, етарли маблағ ва техникага эга бўлган маҳаллий корхоналаримиз ҳам ушбу бозорга тўлиқ кира олмаётгани, киргани ҳам субпудратчи бўлиб ишлаётгани қайд этилди.
Мутасаддилар, буюртмачи вазирлик ва идоралар халқаро молия ташкилотлари билан музокараларда қурувчиларимиз имкониятларини кўрсатиб бера олмаётгани, шартнома шартларини белгилашда маҳаллий пудратчилар манфаатларини ҳимоя қилмаётгани, халқаро тендерлар шартларини ўргатмагани учун энг арзон нарх берган корхоналаримиз ҳам тендерда рақобат қила олмаётгани танқид қилинди.
Шу боис, маҳаллий лойиҳачи, қурувчи ва консультантларни халқаро тендерларда иштирок этишга ўқитиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Қолаверса, қурувчиларимиз қўшни давлатлардаги халқаро лойиҳаларда бош пудратчи бўлиб қатнаша бошлагани юқори баҳоланди.
Аҳолини уй-жойга бўлган талабини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлиги таъкидланди.
Сўнгги йилларда 56 та “Янги Ўзбекистон” массивининг инфратузилмаси учун 4 триллион 100 миллиард сўм маблағ берилди. Жорий йил ушбу мақсадларга яна 1 триллион 400 миллиард сўм ажратилмоқда.
Лекин 2025 йилда Тошкент вилоятида 2,1 мингта, Самарқандда 1,5 мингта, Фарғонада 1,3 мингта, Тошкент шаҳрида 1 мингта, Жиззахда 380 та хонадон фойдаланишга топширилмаган.
Соҳа мутасаддилари ва ҳокимлар бу йил “Янги Ўзбекистон” массивларида 34 минг хонадонни қуриб битказиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Қурилиши давом этаётган массивни кенгайтиришга ўша ҳудуддаги 85 фоиз квартирани эгасига топширганидан кейингина рухсат берилиши белгиланди.
Пойтахт ва Самарқанд тажрибалари асосида инвестиция компаниялари ташкил қилинди. Бу компаниялар 1 октябрдан бошлаб, кўп қаватли уйлар қуриш учун ерларни қурилишга рухсати, архитектура режалаштириш топшириғи ва дастлабки лойиҳаси билан бирга тайёр ҳолда аукционга чиқаради.
Умуман, бу йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни топшириш зарурлиги қайд этилди.
Бунда реновацияга алоҳида эътибор қаратиш муҳим экани таъкидланди. Чунки шаҳар ва шаҳарчалар энига кенгайиб борса, инфратузилмага харажат 4-5 карра ошади, мактаб, боғча, поликлиникага масофаси узаяди, минглаб гектар экин ери қисқаради.
Масалан, Самарқанд шаҳрининг темир йўл орти ҳудуди, Каттақўрғон шаҳри, Оқтош, Иштихон, Булунғур, Жума, Жомбой каби шаҳарчаларда «барак» типидаги уйлар кўп. Шу боис, эскирган уйлар ўрнида реновация асосида кўп қаватли уйлар қуриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, бу йил реновация зоналарида камида 30 минг квартирали кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириш муҳимлиги қайд этилди.
Февраль ойида Президентимиз креатив иқтисодиёт учун солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзларни назарда тутувчи алоҳида қарорни имзолади.
Мутасаддиларга мазкур йўналишда архитектор, лойиҳачи ва урбанистика соҳаси учун биринчи креатив паркни Тошкент шаҳрида ташкил қилиш топширилди. Бундай креатив паркларни ҳудудларда ҳам барпо этиш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Тошкентда янги ўқув йилидан урбанизация, кадастр ва геодезия соҳасида кадрлар тайёрлайдиган, ўзини ўзи молиялаштирувчи олийгоҳ фаолияти йўлга қўйилади. Бу ерда ўрта бўғин кадрлари учун техникум ҳам бўлади.
Йиғилишда Президентимиз соҳа ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботларини тинглади. Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари эшитилди.
#Шавкат Мирзиёев