“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кўриб чиқилди
 

“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат инвестиция муҳитини янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш, замонавий молия инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган — “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида молия марказининг ҳуқуқий мақоми, фаолият тамойиллари, бошқарув тизими, ваколатлари ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим аниқ белгиланган.

Хусусан, марказ ҳудудида халқаро инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва ишончли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида дунёнинг етакчи молия марказлари — Дубай халқаро молия маркази (ДИФС), Остона халқаро молия маркази (АИФС) ва Цингапур тажрибаси ўрганилгани қайд этилди. Қонун лойиҳаси билан Тошкент халқаро молия марказининг институционал тузилмаси ҳам белгиланмоқда.

Шунингдек, марказ маъмурияти, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда.

Қайд этилганидек, Тошкент молиявий хизматлар бошқармаси лицензиялаш, назорат қилиш ва таъсир чораларини қўллаш ваколатига эга бўлади. Тошкент халқаро тижорат суди эса марказ иштирокчилари ўртасидаги низоларни мустақил равишда кўриб чиқади.

Депутатлар марказ иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида тўхталдилар. Лойиҳада марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш, беш йилгача амал қиладиган махсус визалар олиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, марказ ҳудудида солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилиши белгиланган.

Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Конституция ва қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақазо қилади. Жумладан, Конституциянинг 15-моддасига киритилаётган қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ягона ҳуқуқий макон сақланган ҳолда, алоҳида ҳудудларда қонун асосида махсус ҳуқуқий режим ўрнатиш имконияти белгиланмоқда. Конституциянинг 131-моддасига киритилаётган қўшимча билан эса махсус ҳуқуқий режим амал қиладиган ҳудудларда ихтисослашган судлар ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, 134-моддага киритилаётган ўзгартириш билан айрим махсус ҳолатларда суд юрисдикцияси ва суд ишларини юритиш тартиби қонун билан алоҳида белгиланиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда.

Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирдилар. Хусусан, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, молиявий хавфсизлик кафолатларини аниқ белгилаш ҳамда марказ фаолиятининг миллий иқтисодиётга таъсирини самарали мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг