Россия ва Ўзбекистон туризм учун янги уфқларни ривожлантирмоқда
Россия ва Ўзбекистон туризм учун янги уфқларни ривожлантирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 11 март куни Москвадаги “Крокус Экспо” халқаро кўргазмалар марказида “Россия – Ўзбекистон: туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусидаги стратегик сессия бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С. Таджиев иштирок этиб, мамлакатнинг туризм соҳасини трансформация қилиш стратегияси ҳамда икки томонлама ҳамкорликнинг янги шаклларини тақдим этди.
С. Таджиев ўз нутқида бугунги кунда Ўзбекистон анъанавий маданий-маърифий туризм доирасидан чиқиб, кўп тармоқли туризм иқтисодиётини шакллантираётганини алоҳида таъкидлади. Гастрономик, саргузашт, тиббий ва веллнесс-туризми, экологик йўналишлар ҳамда замонавий шаҳар туризми жадал ривожланаётган соҳалар қаторида эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, Буюк Ипак йўли бўйлаб ягона сайёҳлик коридорини яратувчи “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива” тезюрар темирйўл йўналишини ишга тушириш ҳамда сайёҳларнинг трансфер вақтини қисқартириш мақсадида Урганч аэропорти билан Хива шаҳри ўртасида замонавий автомобиль йўлини қуриш каби инфратузилмавий лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Сессиянинг асосий мавзуси янги туристик маҳсулотларини яратишга хизмат қилувчи тармоқлараро ҳамкорликка бағишланди. Иштирокчилар Хоразм вилоятида, ЮНEСКО объекти яқинида тўлақонли экотизимга эга бўлган “Arda Khiva” сайёҳлик кластерини ишга тушириш масаласини муҳокама қилдилар. Шунингдек, «УТаир» авиакомпанияси президенти О. Семёнов Россия ҳудудларидан Урганчга парвозлар дастури кенгайтирилишини ва янги рейслар йўлга қўйилиши юзасидан режалари ҳақида айтиб ўтди.