Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жингу билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой Халқ Республикасининг “Лиҳуа Гроуп” корпорацияси таркибига кирувчи «Жингу» компанияси раҳбари Чен Ванг билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари, амалдаги қўшма лойиҳаларнинг ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида икки давлат ўртасидаги аграр йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда жадал суръатларда кенгайиб бораётгани, хусусан пахтачилик ва уруғчилик соҳаларида самарали натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
«Жингу» компаниясининг Ўзбекистондаги амалдаги лойиҳалари муҳокамаси чоғида уларнинг амалга оширилиш жараёнида учраётган айрим масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, лойиҳа самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар билдириб, ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида ўзаро келишувга эришдилар.
Шунингдек, учрашувда қўшма илмий-тадқиқот ишлари, тажриба алмашуви, юқори самарали уруғлар етиштириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш борасидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш, мавжуд лойиҳаларни кенгайтириш ва янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.