Валюта курслари 14/10/2025
$1 – 12149.55
UZS – 0.07%
€1 – 14087.40
UZS – 0.24%
₽1 – 150.44
UZS – 0.69%
Қидириш
Ўзбекистон Президенти яккакурашлар соҳасидаги халқаро шерикликни кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Президенти яккакурашлар соҳасидаги халқаро шерикликни кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон Президенти яккакурашлар соҳасидаги халқаро шерикликни кенгайтириш режаларини қўллаб-қувватлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган кураш дунёси раҳбари Ненад Лаловични қабул қилди.

Ушбу нуфузли глобал тузилма билан Ўзбекистонда спортнинг яккакураш турларини ташкилий-эксперт жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва янада оммалаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда анъанавий тарзда юнон-рум кураши, эркин кураш, аёллар кураши, шунингдек, аралаш жанг санъатлари фаол ривожланмоқда.

Кейинги йилларда яккакурашчиларимиз нуфузли мусобақаларда 45 та юксак совринни, жумладан, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида олтин медалларни қўлга киритди.

Музокаралар чоғида халқаро бирлашма раҳбари Янги Ўзбекистонда оммавий спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, жумладан, ҳаммабоп ва замонавий инфратузилмани кенгайтириш, нуфузли турнир ва мусобақаларни мунтазам ўтказиш орқали ёшларни спорт ҳаракатига кенг жалб этиш борасидаги ишларни юқори баҳолади.

Мамлакатимизда йирик қитъа ва жаҳон чемпионатларини ташкил этиш, ташкилот шафелигида Минтақавий кураш академиясини таъсис этиш, спорт тиббиёти, диетологияси, психологияси ва бошқа устувор йўналишларда шериклик масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз болалар ва ёшлар ўртасида спорт яккакурашларини оммалаштириш, иқтидорларни саралаш ва тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш, маҳаллалардаги тўгарак ва заллардан тортиб спорт маҳорати мактаблари ва ихтисослашган мажмуаларгача бўлган инфратузилмани такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. Бу чора-тадбирлар, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Олимпия ўйинлари ва бошқа йирик мусобақаларда янги муваффақиятларга олиб келиши керак.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти оммавий спорт ва яккакураш турларини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун Ненад Лаловичга давлатимизнинг юксак мукофоти - "Дўстлик" орденини топширди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг