Мирзиёев қурилиш назорати ва рухсатномаларини ислоҳ қилишни маъқуллади
Мирзиёев қурилиш назорати ва рухсатномаларини ислоҳ қилишни маъқуллади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бюрократияни қисқартириш ва назорат ишлари натижадорлигини ошириш юзасидан тақдимот билан танишди.
Қурилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар аҳоли учун замонавий уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва қулай инфратузилма яратишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, қурилаётган янги уй-жойлар хавфсиз, сифатли, экология ва шаҳарсозлик талабларига тўлиқ жавоб бериши зарур.
Тақдимотда соҳада давлат хизматларини соддалаштириш, рухсат бериш жараёнларида бюрократияни камайтириш, қурилиш объектлари устидан назоратни рақамлаштириш ва инсон омилини қисқартириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ҳозирда қурилишни бошлаш учун рухсат олишда жами 8 та ҳужжат талаб этилади. Бу жараён айрим ҳолларда
3 ойдан 12 ойгача чўзилмоқда. Шу боис 2 та ҳужжатни талаб қилишни бекор қилиш, яна 2 та ҳужжатни эса рақамли интеграция ҳисобига шакллантириш таклиф этилди. Натижада ариза бериш ва кўриб чиқиш учун кетадиган вақт 7 баробар қисқаради, буюртмачиларнинг ортиқча оворагарчилиги камаяди.
Янги тартибга кўра, лойиҳалашга рухсатнома ва архитектура-режалаштириш топшириғи бериш жараёнлари ягона ҳужжатга бирлаштирилади. “ShaffofAI” тизими орқали ушбу жараён инсон омилисиз, автоматик тарзда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида 30 иш кунигача давом этадиган жараён тўлиқ автоматлаштирилади.
Лойиҳа-қидирув, қурилиш-пудрат ва экспертиза ташкилотларини лицензиялашда ҳам янги тартиб жорий этилади. Бугунги кунда ариза беришда 3 тадан 30 тагача ҳужжатни илова қилиш талаб этилиб, қарор қабул қилиш 14 иш кунигача чўзилмоқда. Таклиф этилаётган тизимда маълумотлар электрон базалар орқали автоматик текширилади, ҳужжат илова қилиш талаби бекор қилинади. Лицензияни расмийлаштириш муддати 14 иш кунидан 5 дақиқагача қисқаради, қарор қабул қилиш жараёни 97 фоизга тезлашади.
Қурилиш объектларини фойдаланишга қабул қилиш жараёни ҳам соддалаштирилади. Ўтган йили бу борада берилган 20 мингдан ортиқ аризалар турли сабаблар билан рад этилган. Камчиликларни бартараф этиш учун буюртмачилар 1 ойдан 3 ойгача вақт сарфламоқда.
Энди давлат объектларини фойдаланишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар сони 3 тадан 1 тага қисқартирилади. Техник ва муаллифлик назоратчилари хулосалари, мувофиқлик декларацияси ва бошқа маълумотлар рақамли тизимлар орқали шакллантирилади. Бу орқали объектни қабул қилиш муддати 2 ойдан 15 кунгача қисқаради.
Шу билан бирга, бинонинг мустаҳкамлиги ва ёнғин хавфсизлигига таъсир қилмайдиган архитектуравий ёки режавий ўзгаришлар сабаб объектни фойдаланишга қабул қилишни рад этиш амалиёти қайта кўриб чиқилади. Бундай ҳолатларда зарур корректуралар киритилиб, объектни қабул қилиш имконияти яратилади.
Тақдимотда қурилиш объектларини онлайн назорат қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Амалиётда қурилиш объектларига кузатув камераларини мажбурий ўрнатиш талаби мавжуд эмас. Шу боис биринчи босқичда қиймати 3 миллиард сўмдан юқори бўлган ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли уйлар, йирик савдо ва саноат объектлари, меҳмонхона ва туризм мажмуаларига камералар ўрнатиш таклиф этилди.
Бу орқали лойиҳадан ўзбошимчалик билан четга чиқиш ҳолатларини барвақт аниқлаш, қурилиш майдонидаги ишчилар ҳисобини аниқ юритиш, “конверт” усулида маош тўлаш ҳолатларининг олдини олиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш имконияти кенгаяди.
Қурилишда техник ва муаллифлик назорати самарадорлигини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 2025 йилда техник ва муаллифлик назоратчилари объектларда 42 мингта камчиликни қайд этган бўлса, инспекторлар кейинчалик яна 250 мингдан зиёд қоидабузарликни аниқлаган. Бу айрим ҳолларда назоратчилар фаолияти етарлича самарали ташкил этилмаётганини кўрсатади.
Шу муносабат билан “Шаффоф қурилиш” платформасида техник ва муаллифлик назоратчиларининг реестри ва рейтинг тизимини жорий этиш таклиф қилинди. Уларнинг фаолияти масофадан мониторинг қилинади, иш юритув ҳужжатлари электрон шаклга ўтказилади. Рейтинг кўрсаткичи паст бўлган назоратчилар қайта ўқитишга юборилади, яхши натижа кўрсатганларнинг сертификат муддати узайтирилади.
Қурилиш материаллари сифатини назорат қилишда ҳам таъсирчан механизмлар жорий этилади. Объектга киритилган ҳар бир қурилиш материали nazorat.mc.uz платформаси орқали электрон рўйхатга олинади, сифатни тасдиқловчи ҳужжатлар мажбурий равишда тизимга юкланади. Сифатсиз материаллардан фойдаланган қурувчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилди.
Лаборатория синовлари бўйича ҳам янги ёндашувлар белгиланмоқда. Узоқ ҳудудлардаги қурилиш массивларида синовларни ўз вақтида ўтказиш учун кўчма қурилиш-синов лабораторияларини ташкил этиш таклиф қилинди. Бу объектлар қамровини икки баробар ошириш, синов натижаларини тезкор аниқлаш ва стандарт талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилади.
Тақдимотда ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. 1 апрель ҳолатига республика бўйича 3 минг 791 та ноқонуний қурилиш объекти аниқланган. Шундан 1 минг 933 таси саноат зоналари ҳудудига тўғри келади. Айрим объектларда ерга бўлган ҳуқуқ, лойиҳалашга рухсатнома, кенгаш ёки экспертиза хулосалари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Бунинг олдини олиш учун ерга оид ҳуқуқ вужудга келган вақтдан бошлаб фуқаролар ва юридик шахсларга қурилиш соҳасидаги қонун талаблари бўйича электрон эслатмалар юбориш, “Онлайн маҳалла” ва “Шаффоф қурилиш” тизимларини интеграция қилиш, қонунчиликдаги объектларни рухсатномасиз қурганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш таклиф этилди.
Кўп квартирали уй-жой фондини бошқаришда назоратни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Қонунчиликда кўп квартирали уйлардаги тўсиқ конструкцияларини ўзбошимчалик билан бузган шахсларга маъмурий чораларни тезкор кўриш механизми етарли эмас. 2023 йилда бундай ҳолатлар 563 та бўлган бўлса, 2025 йилда 2 минг 484 тага етган.
Айниқса, эксплуатация муддати 50 йилдан ошган уйларда ўзбошимчалик билан реконструкция қилиш хавфли оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакатимизда бундай кўп квартирали уйлар
15 минг 270 тани ташкил этади. Шу боис уларда тоифани ўзгартириш ва реконструкция қилишни чеклаш, тўсиқ конструкцияларни бузганлик учун тўғридан-тўғри жарима қўллаш ваколатини инспекцияга бериш таклиф этилди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш масаласи ҳам эътибор марказида бўлди.
Тошкент, Наманган ва Қарши шаҳарларидаги олийгоҳларда Австриянинг Вена ва Италиянинг Сапиенца университетлари билан қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, истиқболли кадрларни ривожланган давлатларга стажировкага юбориш ва уларнинг янги билим-кўникмаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Президентимиз соҳадаги янгиликлар амалиёт билан узвий боғланган бўлиши зарурлигини таъкидлаб, ҳудудий студиялардаги соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларнинг фикрларини тинглади. Таклифларни маъқуллаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
#Шавкат Мирзиёев