Хитой компанияси Фарғонада юқори сифатли тўқимачилик ишлаб чиқаришга инвестиция киритмоқда
Хитой компанияси Фарғонада юқори сифатли тўқимачилик ишлаб чиқаришга инвестиция киритмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Zhangjiagang Huayi Textile Co., Ltd.” компанияси раҳбари Лю Вейлян бошчилигидаги делегaцияни қабул қилди.
Учрашувда тикув-тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, дунёдаги машҳур бренд компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Тошлоқ туманида фаолият олиб бораётган "Amira Tekstil" МЧЖ билан Хитой компанияси ўртасида истиқболли лойиҳани амалга ошириш жараёнлари ҳақида сўз борди.
Вилоят раҳбари мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдириб, келгусида уни янада кенгайиб, ривожланиб боришига ишонч билдирди. Бу борада яқиндан кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Мулоқот чоғида Лю Вейлян компания фаолияти ҳақида маълумот бериб, Хитойнинг Цзянсу провинциясида жойлашган мазкур корхона тўқимачилик саноатида кўп йиллик тажрибага эга эканини таъкидлади. Замонавий технологиялар асосида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш компаниянинг асосий устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Учрашув якунида "Amira Tekstil" МЧЖ ва Хитой компанияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.