Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Иқтисод 22/05/2025 Тошкентда Ўзбекистон–Грузия бизнес форуми бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон–Грузия бизнес форуми бўлиб ўтди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 21 май куни Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Георгий Пертая бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон–Грузия бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатдан 300 нафарга яқин ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.

2024 йил якунига кўра, Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23%га ўсиб, 213 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Жумладан, Ўзбекистондан экспорт 60,5 миллион доллар, Грузиядан импорт 153,2 миллион доллар миқдорида амалга оширилган.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда грузин капитали иштирокида 60 та корхона фаолият юритмоқда, шулардан 31 таси қўшма, 29 таси эса 100% грузин сармояси асосида ташкил этилган.

Форумни очар экан, Даврон Вахабов Грузия делегациясининг нуфузли ва салоҳиятли таркиби учун миннатдорлик билдириб, мазкур тадбир Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги ишбилармонлик муносабатларини янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро савдо ҳажмини оширишда муҳим платформа вазифасини ўтайди, дея таъкидлади.

Форум доирасида меҳмонларга Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган қулай шарт-шароитлар, саноат соҳаларидаги кенг имкониятлар тақдим этилди.

Икки мамлакат ўртасида логистика, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, туризм, улгуржи савдо ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд эканлиги алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, форум давомида B2B ва G2B форматларида учрашувлар ташкил этилди, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо шартномаларини тузишнинг амалий жиҳатларини батафсил муҳокама қилишга муваффақ бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг