Тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши ҳамда келгуси режалар кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни орфан касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдамни яхшилаш, фармацевтика соҳасидаги ислоҳотларнинг ижроси ҳамда янги лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишнинг олдини олиш, кам учрайдиган (орфан) касалликларга чалинган болаларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашга қаратилган тиббий ҳамда ижтимоий ёрдам тизими йўлга қўйилган.
Бугунги кунда 5 турдаги орфан ва ирсий-генетик касалликларга чалинган жами 2174 нафар бола давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул диагностика, дори воситалари ва махсус шифобахш озиқ-овқат билан таъминланиб келинмоқда.
Шу билан бирга, ушбу турдаги касалликларнинг диагностика қилиш сифатининг яхшиланиши натижасида орфан касалликларининг янги турлари аниқланмоқда ва даволанишга муҳтож болаларнинг сони ортиб бормоқда.
Тақдимотда кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган 2026-2030 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тўғрисида ахборот берилди.
Унга кўра, эндиликда даволаниши давлат ҳисобидан қамраб олинадиган касалликларнинг сони 5 тадан 10 тага кенгайтирилади, ёш чегараси 18 дан 21 га узайтирилади.
Дастурни амалга ошириш учун 2026-2030 йилларда жами 961 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Давлатимиз раҳбари тегишли қарорни имзолаб, дастурни тасдиқлади.
Шунингдек, Президентимизга фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери саноат ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳалар, сифат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.
Тармоқ корхоналари томонидан қиймати 5 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 172 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди ҳамда 286 миллион доллар инвестиция, шундан 257 миллион доллар хорижий сармоялар ўзлаштирилди.
35 та маҳаллий корхона томонидан 205 турдаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, улар экспорт қилинаётган давлатларнинг сони эса 55 тага етди. Шу йилнинг ўзида қиймати 29 миллион долларлик 16 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда 830 та янги иш ўринлари яратилди.
Сифат ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида дори воситаларини ишлаб чиқарувчи 61 та корхонада GMP, 486 та дистрибьюторлар омборида GDP ҳамда 9450 та дорихонада GPP стандарти жорий қилинди.
Тақдимот давомида импорт қилинаётган дориларнинг референт нархларини шакллантиришда турли манипуляцияларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва таклифлар бўйича ахборот берилди.
Ҳозирда 7,6 мингта импорт дори воситасидан 4,9 мингтаси референт мамлакатларнинг нарх реестрида мавжуд эмас.
Таклиф этилаётган чора-тадбирларга кўра, 2026 йил 1 январдан 2,6 минг турдаги рецептли дориларнинг нархи ўртача 40-50 фоизга тушиши кутилмоқда.
Тақдимот давомида фармацевтика маҳсулотларининг давлат харидларини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида ҳам ахборот берилди.
Шифохоналарда сифатсиз маҳсулотлар хариди ва коррупцион омилларни бартараф қилиш мақсадида барча эндиликда давлат харидлари “farma.xarid.uz” махсус электрон тизим орқали амалга оширилади.
Мазкур электрон тизим ишга туширилганидан сўнг давлат харидларида фақат ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва маҳсулот хавфсизлиги бўйича барча зарур сертификатларга (GMP, ISO:13485 GDP) эга иштирокчилар қатнаша олади.
Давлат харидлари ҳажмлари ҳамда тегишли сертификатларга эга ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар реестрлари жамоатчилик учун очиқ бўлади. Давлат харидлари жараёнида маҳсулотларнинг нархи белгиланган референт нархларидан юқори бўлмаслиги ушбу тизимда автоматик тарзда текширилади.
Давлат харидлари жараёнида маҳсулотларнинг нархи белгиланган референт нархларидан юқори бўлмаслигини ушбу тизимда автоматик тарзда текширилади.
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 1 январга қадар ушбу тизим доирасида давлат тиббиёт муассасаларида дори воситалари ва тиббий жиҳозлар эҳтиёжларини шакллантириш ҳамда қолдиқларни самарали бошқариш бўйича махсус платформани ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.
Президентимизга, шунингдек, аҳолини сифатли, хавфсиз ва самарадор дори воситалари билан таъминлаш мақсадида дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг янги тартиби тақдимот қилинди.
Унга кўра, дори воситаларини технологиялар трансфери орқали ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Хорижий фармацевтика компаниялари томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қувватларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш ва тезлаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш имкони яратилади.
Янги турдаги, биотиббий ҳужайра маҳсулотлар қаторига кирган, шикастланган тўқималарни даволаш, аъзоларнинг қисмларини ўстириш, организмнинг функционал имкониятларини тиклаш учун қўлланиладиган дори воситаларини тиббиёт амалиётига татбиқ қилиш имконияти яратилади.
“Дженерик” дори воситаларининг клиник синовларини ўтказиш ва натижаларини баҳолаш халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари қисқартирилади.
Эндиликда хавфсизлик классификацияси бўйича 1-синфга мансуб тиббий жиҳозлар лаборатория синовларидан (стерил, ўлчов воситали ва инвазив тиббий жиҳозлар бундан мустасно) ва клиник тадқиқотлардан ўтказилмайди.
Президентимиз билдирилган таклифларни маъқуллаб, 2025 йил якуни бўйича 166 миллион долларлик 32 та инвестиция лойиҳасини тўлиқ ишга тушириб, 1500 та янги иш ўринларини яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини янада ошириш, рецептли дориларнинг нархларини тушириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
#Шавкат Мирзиёев