Валюта курслари 10/11/2025
$1 – 12060.27
UZS – 0.31%
€1 – 13916.35
UZS – 0.53%
₽1 – 148.87
UZS – 0.49%
Қидириш
Президентимиз тиббиётни рақамлаштириш ва тиббий таълимни такомиллаштириш режалари билан танишди

Президентимиз тиббиётни рақамлаштириш ва тиббий таълимни такомиллаштириш режалари билан танишди

Президентимиз тиббиётни рақамлаштириш ва тиббий таълимни такомиллаштириш режалари билан танишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Сўнгги йилларда тиббиёт соҳасининг ўзига 230 триллион сўм  йўналтирилди. Бунинг ҳисобига жойларда 187 та янги поликлиника ва шифохона ишга тушди, 1 минг 244 таси реконструкция қилиниб, жиҳозланди.

Натижада бирламчи тиббиёт муассасалари қуввати 60 фоизга ошиб, тиббий хизмат аҳолига анча яқинлашди. Илгари асосан пойтахтда бажарилган юқори технологик ва диагностика-даволаш усулларининг 400 дан ортиғи ҳудудларда амалга оширилмоқда. Юзлаб мураккаб амалиётлар вилоят марказларига, кам инвазив операциялар туман даражасига туширилди.

Биринчи марта 45 та туманда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Тиббиётдаги бу ўзгаришларни миллионлаб одамларимиз ўз ҳаётида ҳис этмоқда, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Сўнгги йилларда юртимиз тиббиётида илғор технологиялар жорий этилиб, таълим жараёнларига ҳам кенг татбиқ қилинмоқда. Хусусан, учта олий таълим муассасаси негизида Тошкент давлат тиббиёт университети ташкил этилди. Урганч давлат тиббиёт институти фаолияти йўлга қўйилди. Саккизта тиббиёт олий таълим муассасаси халқаро аккредитациядан ўтди. Бу соҳада замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш имкониятлари янада кенгайди.

Тошкент давлат тиббиёт университетида инфратузилма яхшиланиши натижасида таълим олувчилар сони 29 минг 864 нафарга етди. Ўқув жараёнлари энг замонавий талаблар даражасига кўтарилди, рақамлаштириш фаол давом этмоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижалари ҳақида ахборот берилди. Мамлакат бўйлаб давлат тиббиёт муассасалари замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминланди, ягона рақамли инфратузилма шакллантирилди.

2024–2025 йилларда 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди. Минглаб янги компьютерлар харид қилиниб, техник база янгиланди.

Президентимизга DMED ягона электрон ахборот тизими имкониятлари ҳам тақдим этилди. Бу тизим орқали 36 миллион нафардан зиёд фуқароларнинг тиббий маълумотлари ягона базада жамланди. Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув йўлга қўйилиб, чақириқларга етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқагача қисқартирилди. Яқин келажакда “Online-шифокор” хизмати жорий этилиб, аҳолига масофадан тиббий маслаҳат бериш имкони яратилади.

Шунингдек, “Электрон рецепт” тизими фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситалари айланмаси шаффофлашди. Барча тиббий маълумотлар биометрик ҳимоя остида сақланиб, шахсий маълумотлар хавфсизлиги таъминланмоқда.

– Замонавий тиббиёт муассасаларини барпо этяпмиз, соҳада сунъий интеллектни жорий қиляпмиз, энг илғор ускуналарни олиб келяпмиз. Бу ўзгаришлар энг қуйи бўғингача етиб бориши зарур. Энг муҳими, ҳар бир тиббиёт ходимининг малакасини ошириш, замонавий билим ва кўникмалар билан таъминлашга эътибор қаратишимиз лозим. Шундагина ҳаракатларимиз натижа беради, – деди Президент.

 “Рақамли соғлиқни сақлаш маркази” фаолияти ҳақида ҳам ахборот берилди. Унда барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти реал вақт режимида кузатилиб, сурункали касалликлар ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичлари таҳлил қилинмоқда.

Президентимиз тиббиёт тизимининг рақамлаштирилиши беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлаш учун муҳим эканини таъкидлаб, бу ишларни жадал давом эттиришни топширди.

Ташриф чоғида университетдаги замонавий таълим муҳити ва сунъий интеллект ёрдамида фаолият юритаётган ўқув лабораториялари билан танишилди. Реанимация, оилавий поликлиника, шошилинч ёрдам, операция, педиатрия, акушерлик ва терапия бўйича симуляцион хоналарда талабалар амалиёт орқали билим ва кўникмаларини мустаҳкамламоқда. Бунинг учун яратилган шароитлар ва келгуси режалар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, хизматлар сифатини ошириш, бу жараёнда илғор усул ва технологияларни қўллашни янада кенгайтириш юзасидан мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг