Валюта курслари 15/08/2025
$1 – 12581.97
UZS – 0.67%
€1 – 14698.26
UZS – 0.27%
₽1 – 157.75
UZS – 0.61%
Қидириш
Иқтисод 13/08/2025 Президент тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича “100 кунлик ҳаракат”ни эълон қилди

Президент тўқимачилик саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича “100 кунлик ҳаракат”ни эълон қилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди. Унда мамлакатимиз иқтисодиётининг 3 фоизини, саноатнинг 14 фоизини яратаётган тўқимачилик тармоғини янада қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.

Сўнгги беш йилда тармоқда 3,5 миллиард долларлик 396 та йирик корхона ишга тушди, ишлаб чиқариш 10 миллиард долларга етди. Соҳада 500 мингдан ортиқ одам банд. Бу саноатда банд жами аҳолининг 20 фоизига тенг.

Шу билан бирга, соҳада ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичлари секинлашиши кузатилмоқда, бу эса халқаро вазиятни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариш, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш бўйича тезкор чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Жаҳонда пахта котировкалари 2022 йилдан бошлаб пасайиб кетаётгани кластерлар учун муаммо келтириб чиқармоқда. Сўнгги уч йилда нарх тоннасига 3 минг доллардан 1,5 минг долларга тушди.

Тадбиркорлар эски қарзини янги ҳосил ҳисобидан бир-бирига улаб ёпмоқда. Ушбу вазиятдан чиқиб кетиш учун 2022-2023 йиллар учун пахта хомашёсига берилган имтиёзли кредит 3 марта узайтирилди, ўтган йилда пахта нархини тушириш учун тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилди.

Давлатимиз раҳбари жаҳон бозорида нархнинг кескин тушиши бугун бошланмаганини, иқтисодий комплекс илмий ташкилотлар билан бирга бу борада турли хил сценарийлар ва ечимларни тайёрлаб қўйган бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда толани қайта ишлаш қуввати етарли бўлмаган айрим “уддабуронлар” давлатнинг арзон ресурси ҳисобига пахта “спекуляцияси” билан шуғулланаётгани танқид қилинди.

Тўқимачилик корхоналарининг тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар қарздорлиги бор. Кредитларнинг 90-95 фоизи хорижий валютада, атиги 16 фоиз корхона халқаро сертификатга эга.

“Бундай шароитда корхоналар ташқи бозорда қандай рақобат қилади, кредитини қандай қайтаради?”, - дея савол қўйди Президентимиз.

Ҳар бир вилоятда 10-15 тадан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи борлиги билан уларнинг брендлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, замонавий стандартларга ўтказиш ишлари оқсаётгани кўрсатиб ўтилди.

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларида толани қайта ишлаш қувватлари ўзидаги хомашёга нисбатан 2-2,5 баробар кўп. Шундай бўлса-да, ҳокимлар ҳудудий инвестиция дастурини ишлаб чиқишда ип-калава лойиҳаларини таклиф этиб келаётганига эътироз билдирилди.

Хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз тўқимачилик маҳсулотлари экспортига янада фаол кўмаклашиши муҳимлиги қайд этилди.

Президент топшириғига асосан тўқимачиликда фаолият юритаётган 200 дан ортиқ тадбиркорларнинг фикрлари ўрганилди.

“Уларни қийнаётган масалалар билан тўлиқ танишдим. Ҳозир ечимларини айтаман. Бугундан тўқимачиликда “долзарб юз кунлик” эълон қиламиз”, - деди давлатимиз раҳбари.

Аввало, аҳволи ёмонлашган айрим корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва таннархни камайтириш чоралари белгилаб олинди.

Жорий йилда кластерларнинг кредитдан қарздорлигини гаров қўйиш шарти билан 5 йилгача узайтиришга рухсат берилди. Эндиликда гаров қўйган кластерлар фақат асосий қарзни тўлайди.

Қишлоқ хўжалиги жамғармаси ва банкларга ҳисобланадиган фоизлар эса асосий қарз тўлиқ қопланганидан кейин ундирилади. Бу орқали кластерларда йилига 800 миллиард сўм айланма маблағ қолади. Агар кластерлар ҳам асосий қарз, ҳам фоизини ўз вақтида тўласа, фоизнинг Жамғармага кетадиган қисмининг ярми тадбиркорга қайтарилади.

Кластерларга 2022-2023 йиллар ҳосили учун берилган кредит бўйича 1 август ҳолатига юзага келган 377 миллиард сўмлик пенядан воз кечилади.

Тижорат кредитидан 2,2 миллиард доллар мажбурияти бор бўлган 144 та корхонани соғломлаштириш чоралари ишлаб чиқилади. Фаолиятини барқарорлаштириш мумкин бўлган корхоналарнинг кредит муддати 7 йилгача узайтириб берилади.

Шунингдек, пахтани ўз вақтида, нобуд қилмай териб олиш учун фермерларга тоннасига 1 миллион сўмдан субсидия берилади. Корхоналар ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.

Эндиликда тўқимачилик занжиридаги барча корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади.

Бунда, ижтимоий реестр бўйича талаб бекор қилинади, реализацияда тўқимачилик улушига талаб эса 90 фоиздан 70 фоизга туширилади.

Ўз ходимларининг фарзандлари учун боғча ташкил қилган тўқимачилик соҳаси корхоналарига хусусий боғчалардаги каби ҳар бир тарбияланувчи бўйича субсидия ажратилади.

Барча тўқимачилик корхоналарини электр таъминоти ўйлантираётгани қайд этилди. Шу муносабат билан корхоналарга ўз эҳтиёжи учун ўрнатилган қуёш панелларини тармоққа улашга рухсат берилади ва бу мақсадлар учун 200 миллион доллар кредит ресурслари йўналтирилади ва ставканинг 10 фоизгача қисми қоплаб берилади.

“Мана, тўқимачилик корхоналари учун бир қатор имтиёзлар бераяпмиз. Лекин, қарс икки қўлдан чиқади”,- деди Президентимиз.

Ҳозир 15 та кластерда толани қайта ишлаш қуввати йўқ, яна 12 тасининг қуввати етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Улар хомашёси етарли бўлмаган ип-йигирув корхоналари билан самарали кооперация тизимини йўлга қўйиши кераклиги қайд этилди.

Бундай кластерларга қўшимча инвестиция қилиб, толани қайта ишлаш бўйича янги лойиҳа қилиш талаби қўйилмайди ва жозибадор молиявий механизмлар тақдим этилади.

Лекин кластер бу тизим асосида толани қайта ишлашни бошламаса, кейинги йилдан кластер мақоми бекор қилинади ва пахта ҳосили учун имтиёзли кредит берилмайди.

Президент ишлаб чиқариш ва экспортни оширишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатимизда ип-калава ва матонинг нархи асосий рақобатчилардан ўртача 10-15 фоиз юқорилигига эътибор қаратилди. Сабаби – ишлаб чиқараётган маҳсулотимиз таркибида пахта 90 фоиз бўлса, қолганларда 30-40 фоизи полиэстер, вискоза, спандекс каби арзон синтетик матодан иборат.

Дунёда сунъий тола ва аралаш матога талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Мамлакатимизда йилига 100 минг тонна аралаш ип, мато ва газлама импорт бўлмоқда.

Шу муносабат билан 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилади.

Мутасаддиларга йил якунигача камида 100 минг тонналик аралаш газлама ишлаб чиқариш лойиҳаларини бошлаш топширилди.

Шунингдек, бир нечта бўёқ корхоналари бирлашиб, сув тозалаш иншоотини қурмоқчи бўлса, харажатларининг бир қисми Савдони ривожлантириш компаниясидан қоплаб берилади.

Ўтган йилда 5 миллион доллардан ортиқ экспорт қилган 55 та корхонанинг ҳар бирида камида 200 нафардан ишчи ишламоқда. Лекин бу корхоналар асосан вилоят марказларида ва саноати ривожланган туманларда жойлашган.

Уларга кўмак берилса, олис ва саноат кириб бормаган туманларда филиал очмоқчи. Бунга Савдони ривожлантириш компаниясидан беш йилга 10 миллиард сўмгача Марказий банк асосий ставкасида кредит берилади. Хорижлик дизайнер, технолог, конструктор ва маркетологларнинг иш ҳақи қоплаб берилади.

Қўйиладиган шарт – корхоналар 200 та иш ўрни яратиши ва муносиб иш ҳақи тўлаши керак.

Мутасаддиларга ушбу рағбатларни ишга солиб, жорий йилда 20 та, кейинги йилда яна 30 та туманда тикувчилик фабрикаларини ишга тушириш топширилди.

Бу ишлар Қорақалпоғистондан бошланиши белгиланди.

Европа ва АҚШ бозорига тайёр кийим-кечак экспортини кенгайтириш, тармоқда стандартлаштириш ва рақамлаштириш ишларини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Техник тартибга солиш агентлигига халқаро сертификати бор корхоналарни 300 тага етказиш топширилди.

Ташқи ишлар вазирлигига айланмаси 1 миллиард доллардан катта брендлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича “йўл харита”сини ишлаб чиқиш ва сентябрь ойида Тошкентда бўладиган йирик кўргазмага ушбу компанияларни таклиф қилиш топшириғи берилди.

АҚШда йилига қарийб 100 миллиард долларлик текстиль бозори бор, муқобил қўллаб-қувватлаш чоралари орқали ушбу мамлакатга экспортни 5-6 карра ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга Сент-Луис ва Нью-Йорк шаҳарларида 2 та савдо уйини очиш топширилди.

Корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнларига сунъий интеллектни жорий қилиш орқали даромадни 20-30 фоизга ошириш, фаолиятни шаффофлаштириш ва яширин иқтисодиёт омилини камайтириш мумкин.

Бу борада тўқимачилик корхоналарига ERP тизимини жорий қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Корхоналарни ушбу тизимга ўргатиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Жаҳонда савдо қоидаларининг тез ўзгариши ёки логистикадаги узилишлар тўхтамаётгани шароитида тўқимачилик тармоғини ривожлантиришга алоҳида ёндашувлар зарурлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан Президентимиз Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ташкил қилинишини эълон қилди. Агентлик тўқимачилик, чарм ва ипак саноатига масъул бўлади.

Агентликка инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов раҳбарлик қилади.

Агентлик қошида тажрибали тадбиркорлардан иборат кенгаш ташкил қилинади. Агентликнинг алоҳида жамғармаси бўлади, давлат кўмаги, шунингдек тўқимачилик корхоналарига арзон айланма маблағ шу жамғарма орқали берилади. Жамғармага 200 миллион доллар ажратилади.

Янги агентликка кенгаш билан биргаликда тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, таннарх, ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича ечимлар ишлаб чиқиш, “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими орқали тайёр маҳсулот экспортини 2 баробарга ошириш, кооперацияни кучайтириб, паст қувватда ишлаётган корхоналарни соғломлаштириш чораларини кўриш топширилди.

Халқаро консультантлар билан биргаликда тўқимачиликни 2030 йилга қадар ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда чарм, ипак ва гиламчилик саноатини ривожлантириш бўйича ҳам таклифларни киритиш вазифаси қўйилди.

"Ҳокимлар, кластерлар ва тўқимачилик корхоналари раҳбарлари бир нарсани билиши керак. Ҳозирги шароитда бюджетга 1 сўм қўшимча тушум қилиш қанча қийин бўлаётганини тушунган тушунади. Бугун айтилган қўллаб-қувватлаш чораларини пулга чақса, 7 триллион сўм бўлади. Энди шунга яраша натижа ҳам бўлиши керак", - деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Йиғилиш давомида тўқимачилик корхоналарининг намунали тажрибалари кўриб чиқилди, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг