Президент пахта терими, қиш мавсумига тайёргарлик, инвестисия режалари ижросига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳудудларда пахта ҳосили йиғими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ижроси ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлили юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда ҳудудлар кесимида пахта йиғими суръатлари ва мавжуд муаммолар атрофлича кўриб чиқилди.
Бу йил 875 минг гектар майдонга чигит экилиб, 3,7 миллион тонна ҳосил учун шартномалар тузилган. Терим жараёнларига 900 дан ортиқ машина жалб этилди, фермерларга ёқилғи ва ўғит арзонлаштирилган тартибда берилди.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда режадан орқада қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятлари яхши натижа кўрсатаётган бўлса, Самарқанд, Сирдарё ва Навоийда ҳолат қониқарсиз.
Президентимиз қисқа вақт ичида жойларда фавқулодда штаблар тузиб, ҳосилни сифатли йиғиб олиш, фермерларни ўйлантираётган масалаларни тезкор ҳал этиб бориш бўйича кўрсатмалар берди. Масъулларга терилган пахта учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш топширилди.
Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Республика бўйича 640 та мактаб ва боғчадан 125 тасида таъмирлаш ишлари ҳали якунланмаган. 9,8 минг кўп қаватли уйнинг қарийб мингтаси тайёр эмас. Жиззах ва Сурхондарёдаги қозонхоналар таъмири ҳам охиригача етказилмаган.
Давлатимиз раҳбари икки ҳафта ичида бу масалаларни ҳал этиш, нимстанция, электр ва сув тармоқларини мавсумга шай ҳолатга келтириш зарурлигини қайд этди.
Шунингдек, бугунги кунда аҳолига 55 минг тонна, шундан 381 та олис қишлоқ ва овулларга 9 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Аҳолига омборлардаги 27 минг тонна тарқатилмай қолган кўмирни ҳамда куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 330 минг тонна суюлтирилган газни тўлиқ етказиш топширилди. Газ ва электр таъминотида узилишларга йўл қўймаслик учун мутасаддилар шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилди.
“Яшил макон” дастурининг ижроси муҳокама қилинар экан, бу йил баҳорда экилган 137 миллион кўчатнинг 27,5 миллиони қуриб қолгани танқид қилинди. Сабаби – баҳор ва ёз ўртасида иссиқ кунлар тез келиб қолиши оқибатида экилган кўчатлар унишга улгурмаяпти, уларга одатдагидан 2-3 баробар кўп сув сарфлашга тўғри келмоқда.
Шу муносабат билан дарахтни кузда экишни кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бу йилги куз мавсумида 125 миллион туп дарахт ва бута, баҳорда яна 75 миллионта экиш режалаштирилди. Бунда суғориш тизими ва имконияти йўқ жойларга кўчат экмаслик талаб қилиб қўйилди.
Урбанизация жараёни тезлашиб бораётгани шаҳарлар ва вилоят марказларида яшиллик даражасини оширишни тақозо этмоқда. Шаҳарларни “яшил” стандартларга мувофиқ илмий асосда ривожлантириш мақсадида олимлар, урбанистлар ва экологлар иштирокида Тошкент ва Нукус шаҳарлари, барча вилоят марказларининг “яшил” мастер режалари ишлаб чиқилиши белгиланди.
Жорий йил учинчи чораги якуни билан мамлакатимизга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 33,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Январь-август ойларида экспорт 23 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 31 фоизга кўпайди.
Лекин инвестиция ўсиши барча ҳудудларда ҳам бирдек эмас. Айрим ҳудудларда эса экспорт кўрсаткичлари пасайган. Президент мутасаддилардан йил якунигача 7,3 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш, сармояларни жалб қилиш ва янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ чоралар кўришни талаб қилди.
АҚШ штатлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиши белгиланди. Ҳар бир вилоят муайян штат билан ҳамкорлик ўрнатиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий шериклар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришига кўмаклашиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида Президент барча йўналишларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича кўрсатмалар берди.
#Шавкат Мирзиёев