Президент Ўзбекистон аёлларини 8-март билан табриклади ва уларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади
Президент Ўзбекистон аёлларини 8-март билан табриклади ва уларнинг мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Кўксарой қароргоҳида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бошланди.
Президент Шавкат Мирзиёев бутун Ўзбекистон аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этди.
“Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб, майдонга чиқаётган 22 миллион ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.
Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан айтганда, хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз”, – деди давлатимиз раҳбари.
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани таъкидланди.
Барча қонун, фармон ва қарорларни қабул қилишда гендер масаласи бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий этилди. Энди хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига таъсири баҳоланмай туриб, бирорта қонун қабул қилинмайди.
Яратилган кенг имконият ва шароитлар ҳисобига 230 мингга яқин тадбиркор аёллар синфи шаклланди, миришкор фермер аёлларимиз 12 минг нафардан ошди. Илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшаётган олималаримиз 6 минг нафардан ошди. Ўтган йили дунё ареналарида шижоатли қизларимиз 167 та олтин, 193 та кумуш, 243 та бронза медалини қўлга киритди.
Хотин-қизларимиз ҳаётидаги ана шундай катта ўзгаришлар дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса ўз позициясини 43 поғонага яхшилаб, 48-ўринга чиқди.
Президентимиз турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорчилик билдирди.
Аёлларни ишли ва даромадли қилиш масаласи ҳамиша эътибор марказида.
Ўтган йили хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида 23,5 триллион сўм кредит йўналтирилди. Бунинг ҳисобидан 425 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз тадбиркорликка жалб қилинди.
Мисол учун, тўқимачилик соҳасида 300 нафар аёлларни банд қилган янгиариқлик Наргиза Бекмуратова ўтган йили иккинчи фабрикани очиб, яна 100 та иш ўрни яратди. Ушбу ишбилармон қизимиз 2025 йилда Анқара шаҳрида ўтказилган халқаро танловда “Хотин-қизлар учун энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор аёл” номинациясининг ғолиби бўлди.
“Мен бундай серғайрат қизларимизни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари деб биламан. Уларни ҳар қанча қўллаб-қувватлашга тайёрман”, – деди Президентимиз.
Жорий йилда 166 минг хотин-қиз замонавий касб ва тадбиркорликка, яна 100 минг нафари эса ахборот технологиялари соҳасига ўқитилади.
Шунингдек, хотин-қизлар ўз уйида тадбиркорлик қилиши учун “Даромадли аёл” дастури бошланади.
Бу орқали лидер тадбиркорлар кўмагида касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик йўналишларида 50 минг аёлнинг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, «Ҳамроҳ» дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта лойиҳасига жами 1 триллион сўм ажратилади.
Умуман, жорий йилда 1,5 миллион аёлни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини бизнесга жалб этиш бўйича катта марра олинган. Ушбу мақсадлар учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилади.
Бугун олийгоҳда ўқиётган қизларнинг сони 904 мингдан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Ўтган йили 60 нафар қизимиз дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларга ўқишга кирган.
Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг 8,5 минг нафари, яъни 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам эътиборлидир.
Президентимиз Кегейли туманидан Индира Сатниязова, бухоролик Вазира Файзуллаева, навоийлик Машҳура Қудратованинг халқаро фан олимпиадаларида эришган ютуқлари, бир қатор халқаро стартап танловлари ғолиби бувайдалик Дилафруз Жўрабоеванинг нуфузли «Мисрософт» компаниясининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида тан олинганини алоҳида эътироф этди.
Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги аёллар учун давлат гранти квотаси 2 карра оширилиб, 4 мингга етказилиши белгиланди.
Топ 300 таликдаги олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратура босқичида таълим олаётган талаба-қизларнинг контракт пуллари ҳам давлат томонидан тўлаб берилади.
Эндиликда ҳар йили хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш учун камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилади. Бунда ҳар бир йўналиш ғолибига Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант берилади.
Мактабнинг 11-синфини битириб, давлат техникумларига кирган қизларни касбга ўқитиш тўлиқ давлат гранти асосида бўлади.
“Аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши муросасиз муҳит яратиш – биз учун стратегик вазифа.
Шу ҳафтада яна бир муҳим фармонни имзоладим. Энди хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борамиз”, – деди Президентимиз.
Турли сабабларга кўра билиб-билмай жиноятга қўл урган аёллар ҳам шу юртнинг фуқаролари экани таъкидланди. Уларни ижтимоий ҳаётга қайтариш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш тўғрисида ҳам жиддий ўйлаш кераклиги қайд этилди.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган аёлларнинг кўпчилиги ўрта маълумотли, касби ёки ҳунари йўқ. Айримлари олий таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган.
Шу боис, бундай хотин-қизлар билан манзилли ишлаш бўйича “Янги ҳаёт” дастури бошланади. Улар 3-6 ой касб дастурларида ўқитилиб, сертификат олади.
Шунингдек, маҳкумаларга муассасаларнинг ўзида имтиҳон топшириб, олийгоҳларга кириш ва масофавий ўқиш имконияти яратиб берилади. Контракт асосида ўқишга қабул қилинганларга жазони ўтаб, ишга жойлашгандан кейин қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.
“Бугун Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил кириб бормоқда. Биз ўз олдимизга, аввало, инсон бахти, инсон қадри учун хизмат қиладиган улкан мақсадларни қўйганмиз. Чунки инсон бахти оиладан бошланади, оила эса аёл билан мустаҳкам. Келажак авлод ана шу муқаддас маконда камолга етади!
Ҳеч шубҳасиз, бу борада қизларимизнинг маънавий тарбияси ҳал қилувчи ўрин тутади”, – деди Президентимиз.
Меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас фазилатлар қизларимиз қалбига бувижонларнинг насиҳат ва ўгитлари билан кириши, бундай оилада тарбия олган қизларимиз юриш-туриши, одоб-ахлоқи ва ҳаётга муносабати билан тенгдошларига намуна бўлиб келгани таъкидланди.
Бугунги шароитда ана шу тарбия мактабига эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб тургани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари дунёдаги вазият таҳликали бўлиб бораётган бир пайтда юртимиздаги тинчлик ва осойишталик улуғ неъматлигини янада чуқур ҳис этиш, уни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини таъкидлади.
Мана шундай шароитда дуогўй бувижонларимиз, мўътабар онахонларимиз оилаларда бу неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва фарзандлар, набираларга шукроналик туйғусини сингдиришда намуна бўлишларига ишонч билдирилди.
Байрам арафасида Президент фармони билан юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимиздан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медалларига, ўқиш ва ижодда, илм-фан, спорт ва жамоат ишларида фаол бўлиб келаётган қизларнинг яна 28 нафари Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди.
Тадбирда ушбу мукофотлар эгаларига тантанали равишда топширилди.
“Машаққатли, ҳалол меҳнатимиз билан бутун дунёнинг эътирофи ва ҳурматига сазовор бўлмоқдамиз. Энг муҳими, ҳар бир соҳа ва тармоқда Янги Ўзбекистон мактаби шаклланмоқда.
Биз учун бугунги ўта оғир ва мураккаб замонда олдимизга қўйган улкан марраларни эгаллашда янада бирлашиб, ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифадир.
Янги Ўзбекистоннинг аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш – менинг энг катта ниятим.
Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз!”, – деди Президентимиз сўзининг якунида.
Янгиликлар янгиланмоқда
#Шавкат Мирзиёев