Пойтахтимизда инфратузилма ва ақлли шаҳарларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди
Пойтахтимизда инфратузилма ва ақлли шаҳарларни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 4 март куни Тошкентда инфратузилмани ривожлантириш ва “ақлли шаҳар” технологияларини жорий этишга бағишланган Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Форум Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилиб, инвестициявий ва технологик ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилишга имкон яратди.
Ўзбекистон делегациясига ИССВ вазири ўринбосари Илзат Касимов бошчилик қилди. Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, Хорижий инвестицияларни жалб қилиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, IT Park ҳамда инфратузилма ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Япония делегациясига Япония ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазири ўринбосари Терада Ёшимичи бошчилик қилди.
Шунингдек, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Hankyu, Shimizu, Nikken Sekkei, Itochu, Marubeni, Sojitz ва Oriental Consultants Global компаниялари вакиллари қатнашди.
2025 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажми қарийб $400 млнга етди, Япония капитали иштирокидаги корхоналар сони эса сўнгги 8 йилда деярли ўн баробар ошиб, 130 тага яқинлашди.
Форум давомида интеллектуал транспорт тизимлари, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, шаҳар муҳитини рақамли мониторинг қилиш, жамоат транспортини ривожлантириш ва барқарор шаҳарсозлик йўналишларида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.