Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси: минтақадаги вазият барқарорлашди, Тошкентга рейслар қайта тикланди
Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси: минтақадаги вазият барқарорлашди, Тошкентга рейслар қайта тикланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси минтақадаги вазият барқарорлашгани ва авиақатновлар қайта тиклангани ҳақида хабар қилди. Ҳаво ҳудуди очилганидан сўнг Дубай – Тошкент йўналиши бўйича рейслар UzAirways, CentrumAir ва Qanot Sharq маҳаллий авиакомпаниялари томонидан босқичма-босқич амалга оширила бошланди.
Консулхона маълумотига кўра, 5–6 март кунлари UzAirways рейслари, шунингдек 6 март куни CentrumAir рейси Тошкентга бўш ўринлар мавжуд ҳолда етиб келган. Бу яқин вақтда сафарни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари учун Ватанга қайтиш бўйича қўшимча имкониятлар яратади.
Аввалроқ FlyDubai ва Air Arabia рейсларига чипта харид қилган, аммо парвозлар бекор қилиниши ёки кечиктирилишига дуч келган фуқароларга дарҳол ўз туроператорлари ёки авиакомпаниялар вакилларига мурожаат қилиш тавсия этилди. Консулхонада таъкидланишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонга қайтиш учун муқобил кундалик рейслар мавжуд.
Бош консулхона ходимлари куну тун ишлашда давом этмоқда ва ёрдамга муҳтож барча ватандошларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда. Дипломатик ваколатхона фуқароларни фақат расмий манбалардаги маълумотларга таянишга ва ижтимоий тармоқлардаги текширилмаган миш-мишларга ишонмасликка чақирди.