Ўзбекистон ва Испания ўртасида инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Испания ўртасида инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Испания пойтахти Мадридда Ўзбекистон–Испания бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг ишбилармон доиралари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестициявий ва экспорт салоҳияти кенг тақдим этилди.
Икки мамлакатнинг етакчи компаниялари вакиллари ва 110 нафардан ортиқ тадбиркорлар бир жойга жамлаган форумда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳам иштирок этиб, агросаноат соҳасидаги инвестициявий имкониятлар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан музокаралар олиб боришди.
Испан компаниялари томонидан қатор қўшма лойиҳалар ташаббуси ҳам илгари сурилди. Жумладан, “Almar Water Solutions” компанияси Самарқанд вилоятида сувни тозалаш мажмуасини барпо этиш лойиҳасини тақдим этган бўлса, “New Greenhouses Projects” компанияси Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида юқори технологияли иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича ўз таклифларини билдирди.
Тадбир якунида тўртта ҳамкорлик ҳужжати имзоланди ҳамда Испанияга мамлакатимиздан қуруқ мевалар, дуккакли экинлар, ёнғоқ ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича экспорт шартномаси тузилди.
Шунингдек, Grupo Europeo de Exclusivas de Publicidad, S.A. (GEDEPSA) компанияси билан мамлакатимизда зайтун етиштириш ва қайта ишлаш инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми, шунингдек WNL ENGE SL компанияси билан иссиқхоначиликда замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолаш кўзда тутилган.