Ўзбекистон ССП савдони ривожлантириш мақсадида Мўғулистонга бизнес миссия ташкил этмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9–11 сентябрь кунлари Ўзбекистон ишбилармонлар делегацияси Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрига ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон ССП хабар берди.
Ташриф доирасида ўзбек маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари кўргазма-ярмаркаси, шунингдек, 100 дан зиёд йирик мўғул компаниялари иштирокида B2B ва B2G учрашувлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Сафар давомида тарафлар қатор муҳим йўналишларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади: Ўзбекистонга тирик қўйлар, йирик шохли қорамол, кашемир, қўй жуни, желатин ва гўшт импортини йўлга қўйиш; Мўғулистонга эса ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари, озиқ-овқат, маиший техника, мебел, қурилиш материаллари, фармацевтика маҳсулотлари ва бошқа товарларни экспорт қилиш режалаштирилган.