Ўзбекистон Президенти ОТБ форумида мамлакат иқтисодий ривожланишининг янги босқичини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти ОТБ форумида мамлакат иқтисодий ривожланишининг янги босқичини таъкидлади

Ўзбекистон Президенти ОТБ форумида мамлакат иқтисодий ривожланишининг янги босқичини таъкидлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилари кенгашининг 59 йиллик йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари тадбир иштирокчиларини самимий қутлади:

“Бундай нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани бизга албатта ғурур ва ифтихор бағишлайди. Бир неча минг йиллик тарихга эга, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган диёримиз қадимдан Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи марказ бўлиб келган. Бу ерда азалдан дунё тамаддуни, илм-фан ва савдо йўллари туташган.

Буюк тарих ва ёрқин келажакни ўзида мужассам этган Янги Ўзбекистон эндиликда халқаро миқёсдаги долзарб масалалар муҳокама этиладиган йирик масканга айланиб бормоқда. Ишончим комилки, Самарқанд анжумани илғор фикр ва янги ташаббусларни илгари суришга, муҳим қарорлар қабул қилишга хизмат қилади. Янги Ўзбекистонга хуш келибсиз!”.

Президентимиз бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти мутлақо янги ривожланиш даврини бошдан кечираётганини таъкидлади.

“Биз 2016 йилдан буён иқтисодиётни эркинлаштириш, инвесторлар учун жозибадор муҳит яратиш, глобал қўшилган қиймат занжирида фаол қатнашиш, ҳудудларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тубдан янгилаш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича катта ислоҳотларни олиб боряпмиз.

Тарихан қисқа вақт ичида меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз билан мураккаб тараққиёт йўлини босиб ўтдик.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимизга 150 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, минглаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Биргина энергетика соҳасида 35 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ҳисобига электр ишлаб чиқаришни 1,5 баробар ошириб, 87 миллиард киловатт-соатга етказдик. Бу даврда товар ва хизматлар экспорти 3 карра ўсди, иқтисодиётимиз ҳажми эса 50 миллиарддан 147 миллиард долларга етди.

Бундай ижобий натижалар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. 2020 йилдан буён Ўзбекистон суверен кредит рейтингларида ўз ўрнини барқарор ошириб бормоқда.

Иқтисодий эркинлик индексида жорий йил юртимиз 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди”, – деди Президентимиз.

Глобал беқарорлик шароитида ҳам Оъзбекистон иқтисодиёти биринчи чорак якуни бўйича 8,7 фоизли ўсишга эришди.

“Энг муҳими, ислоҳотларимизда ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётини яхшилашга асосий эътиборни қаратдик. Биз ўтган даврда 8,5 миллион эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириб, камбағаллик даражасини қарийб 35 фоиздан бугунги кунда 5,8 фоизга туширишга эришдик.

Ўзбекистон охирги ўн йилда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда энг катта ижобий ўзгариш қилган бешта давлатдан бири бўлди.

Биз 2030 йилга қадар Ўзбекистонда барча соҳаларни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш орқали иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш ниятидамиз.

Натижада даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига киришни ҳамда камбағалликка тўлиқ барҳам беришни мақсад қилганмиз.

Яқин кунларда 13 та стратегик йирик корхона активларини ўз ичига олган “Миллий инвестиция жамғармаси”нинг 30 фоиз улушини халқаро фонд бозорига чиқарамиз.

Аминманки, бундай муҳим қадам ҳамкорларимизнинг юртимиз инвестиция муҳитига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларда Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг ўрнини алоҳида эътироф этди.

Ишончли стратегик шеригимизга айланган банк билан ҳозирги кунга қадар қарийб 16 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Осиё тараққиёт банки мамлакатимиздаги қайта тикланувчи энергетика, қишлоқларда уй-жой қурилиши ва Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорлик йўналишларида илк кунлардан елкадош бўлган.

Давлатимиз раҳбари фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонни доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда ҳамда банк Бошқарувчиларига самимий миннатдорлик билдирди.

Шу билан бирга, яқин ҳамкорлик учун Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Ислом тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестициялари банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари раҳбариятига, шунингдек, барча хорижий шерикларга алоҳида ташаккур изҳор этилди.

Куни кеча ОТБ билан 12 миллиард долларлик янги ҳамкорлик дастури имзоланди.

“Барқарор тараққиётни таъминлаш учун Банк билан ҳамкорликда янги механизм ва таъсирчан ёндашувларни жорий этишни даврнинг ўзи биздан тақозо этмоқда”, – деди Президентимиз.

Бугун рақамли технология ва сунъий интеллект деярли барча соҳаларни мутлақо янги форматга олиб чиқмоқда. Жаҳон савдо ташкилоти прогнозларига кўра, 2040 йилга бориб, сунъий интеллект ҳисобига халқаро савдо айланмаси қўшимча 40 фоизга ошади.

Ўзбекистонда ҳам ахборот технологияларини ривожлантиришга жиддий киришилди. Инновация ва билимларга асосланган Сунъий интеллект хабини ташкил қилиш бошланди. Иқтисодиёт тармоқларида 200 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳалари устида ишланмоқда.

Ҳудудларда дата марказлар, супер компьютерлар ва сунъий интеллект лабораторияларини кўпайтириш, “Беш миллион сунъий интеллект етакчилари”ни тайёрлаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда.

“Бу йўналишларда Осиё тараққиёт банки ҳамда АҚШ, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония, Корея ва Хитойдаги ҳамкорларимиз бизга яқиндан ёрдам бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман”, – деди Президентимиз.

Албатта, таълим, тиббиёт, сув хўжалиги, экология, озиқ-овқат хавфсизлиги каби аҳолининг бирламчи эҳтиёжи учун энг зарур бўлган йўналишларда ҳам очиқ сунъий интеллект моделларидан фойдаланиш талаб этилмоқда.

Бунинг учун Президентимиз Осиё тараққиёт банки шафелигида Ривожланаётган мамлакатларда сунъий интеллект кўламини ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.

Шунингдек, Ўзбекистон банкнинг “Осиё учун рақамли магистраль” ташаббусига қўшилишини маълум қилди ҳамда Тошкентда унинг минтақавий мувофиқлаштириш марказини очиш таклифини илгари сурди.

Рақамли технология ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, ўз навбатида, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни кескин оширмоқда.

Халқаро энергетика агентлиги таҳлилларига кўра, 2030 йилга бориб, дата марказларнинг электр энергиясига бўлган талаби ҳозиргидан 2-3 карра ошади. Бундай шароитда инвесторларга арзон, ишончли ва «яшил» энергия таклиф қилган давлатларгина глобал бозорда рақобатбардош бўла олади.

Ўзбекистон бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда 5,6 минг мегаваттлик йирик шамол ва қуёш электр станцияларини ишга тушириб, генерацияда «яшил» энергия улушини 30 фоизга етказди. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 54 фоизга олиб чиқиш режа қилинган.

“Умуман олганда, минтақамизнинг қайта тикланадиган энергия генерацияси бўйича жуда катта салоҳияти бор. Тоза энергия экспортини кенгайтириш учун Марказий Осиё – Европа «яшил» энергетика коридорини яратишда Осиё тараққиёт банки кўрсатаётган ёрдамни миннатдорлик билан таъкидлаймиз.

Минтақа давлатлари банк билан ҳамкорликда қисқа муддатларда ушбу “энергетик артерия” лойиҳасини бошлашига ишонамиз”, – деди Президентимиз.

Президентимиз ўзаро боғлиқ транспорт тизими ва логистика йўлаклари барқарорлигини таъминлаш энг долзарб масалага айланаётганини таъкидлади.

Жаҳондаги зиддиятлар оқибатида логистика коридорларининг ўзгариши ҳозирнинг ўзида Марказий Осиё давлатлари учун юк ташиш харажатининг 30 фоизгача ошишига, етказиб бериш муддатлари эса бир неча ҳафта кечикишига сабаб бўлмоқда.

Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари бошланган. Ушбу янги транспорт йўлаги ҳисобига бутун минтақанинг транзит салоҳияти сезиларли даражада ошади. Маҳсулотларни етказиб бериш муддати 10 кунгача қисқаради, йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имконияти яратилади.

Давлатимиз раҳбари бу борада банкнинг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури (САРEС) доирасида “Рақамли божхона ва логистика альянсини”ни ташкил этишни таклиф қилди.

Бунинг натижасида божхона тартибларини уйғунлаштириш, ҳужжатлар айланишини рақамлаштириш, чегара орқали юк ташишларни енгиллаштириш имконияти яратилади.

Ўзбекистон ОТБ иштирокида хусусий сектор билан ҳамкорликни янада кучайтиришдан манфаатдор.

“Айниқса, ҳозирги технологиялар асрида критик минераллар учун рақобат кун сайин авж олаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Халқаро экспертларга кўра, 2040 йилга бориб, саноат учун муҳим минералларга талаб 6 баробар ошади. Бу – янги имконият”, – деди Президентимиз.

Ўзбекистон мис, вольфрам, молибден, магний, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захирасига эга. Бу салоҳиятни ишга солиш мақсадида кореялик ҳамкорлар билан «R&D» маркази фаолияти йўлга қўйилди. Тошкент ва Самарқанд вилоятларида “Келажак металлари технопарки” бунёд этилмоқда.

АҚШ, Хитой, Туркия каби давлатларнинг йирик компаниялари билан қиймати 1,6 миллиард долларлик 70 дан зиёд лойиҳа бошланган.

“Биз нафақат фойдали минералларни қазиб олиш, балки уларни чуқур қайта ишлаш орқали иқтисодиёт ривожига янги туртки беришни мақсад қилганмиз.

Осиё тараққиёт банкининг “Критик минералдан – ишлаб чиқаришга” дастурига қўшилиш ва унинг доирасида юқори қўшимча қийматга эга бўлган лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этамиз”, – деди Президентимиз.

Иқлим ўзгариши ва чўлланиш жараёнлари Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Экологик муаммолар оқибатини юмшатиш мақсадида беш йилдан буён “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди.

Ўзбекистонда 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш бўйича катта марра олинган.

Айни пайтда Осиё тараққиёт банки ҳам 2030 йилгача мўлжалланган иқлим соҳасида Ҳаракатлар режасини самарали амалга ошириб келаётгани таъкидланди. Банк ажратаётган йиллик маблағларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисмини иқлим лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирмоқда.

“Ўйлайманки, бундай эзгу саъй-ҳаракатларни банк ва минтақа мамлакатлари билан биргаликда рўёбга чиқарсак, натижаси янада юқори бўлади. Шу боис, “Марказий Осиё яшил белбоғи” минтақавий лойиҳасини амалга оширишни таклиф этамиз”, – деди Президентимиз.

Дунёдаги нотинчлик туфайли миллионлаб сайёҳлар хавфсиз йўналишларни қидирмоқда.

Марказий Осиё зиёрат, маданий, гастрономик, этно, экстремал, тиббиёт каби туризм йўналишларида катта салоҳиятга эга.

Ўзбекистон мазкур соҳага алоҳида эътибор қаратиб, зарур инфратузилма, сервис, виза ва транспорт, энг муҳими, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширди. Бунинг ҳисобига ўн йил ичида Ўзбекистонга хорижий туристлар оқими 6 карра ошиб, 12 миллион нафарга етди.

Яқинда Тошкент шаҳрида очилган Марказий Осиёнинг илм-фан ва маънавий хазинаси сифатида эътироф этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда барпо этилган буюк аллома Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси юртимизнинг янги дурдоналарига айланди.

Бундай мажмуалар қўшни мамлакатларда ҳам бунёд этилмоқда. Шу боис, Президентимиз минтақа давлатларини бирлаштирадиган туристик макон – “Марказий Осиё туризм ҳалқаси”ни яратиш ташаббусини илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари қўшни давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорларни туризмни ривожлантириш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, биргаликда молиялаштиришга чақирди.

“Юқорида айтиб ўтилган барча таклиф ва ташаббусларни биз Осиё тараққиёт банки билан фақат суверен кредитлар доирасида эмас, балки давлат-хусусий шериклик, кафолат инструментлари, аралаш молиялаштириш ва хусусий капитални жалб этиш орқали фаол ҳамкорликда амалга оширишга тайёрмиз.

Шу муносабат билан минтақавий лойиҳалар учун Инновацион молиялаштириш платформасини шакллантиришни таклиф этамиз”, – деди Президентимиз.

Ҳозирги кунда жаҳон иқтисодиётида рўй бераётган кескин ўзгаришлар Осиё тараққиёт банкининг кенг минтақамиз ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрнини янада ошираётгани таъкидланди.

Ўзбекистон банк президенти, халқаро молия ва иқтисодий муносабатлар соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлган Масато Канданинг олиб бораётган самарали ислоҳотларини тўлиқ қўллаб-қувватлаши билдирилди.

Бугунги анжуманда дунёнинг 100 дан ортиқ давлати, халқаро молия ташкилотлари, етакчи банклар ва компанияларнинг нуфузли экспертларидан иборат 4 мингдан зиёд вакиллар қатнашмоқда.

“Самарқанд платформасида илгари суриладиган муҳим таклиф ва ташаббуслар келгусида катта амалий натижаларга, ҳар бир келишув эса аниқ ва фойдали лойиҳаларга айланишига ишонаман”, – деди Президентимиз ва иштирокчиларга муваффақиятлар тилади.

Янгиликлар янгиланмоқда

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг