Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва оптималлаштириш лойиҳасини бошламоқда
Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда бизнес жараёнларини рақамлаштириш ва оптималлаштириш лойиҳасини бошламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бизнес жараёнларини мақбуллаштириш, реинжиниринг қилиш ва автоматлаштириш имкониятларини баҳолаш” лойиҳаси доирасида вазирликнинг иқтисодиёт йўналишидаги барча тегишли таркибий бўлинмалари билан тизимли ва мақсадли учрашувлар ҳамда ишчи суҳбатлар ташкил этилмоқда.
Учрашувлардан асосий мақсад — амалдаги бизнес жараёнларни комплекс ва чуқур таҳлил қилиш, уларнинг функционал юкламасини баҳолаш, шунингдек норматив-ҳуқуқий асослари ҳамда амалий ижросини ўрганишдан иборат. Таҳлил жараёнида иш жараёнларининг самарадорлиги, ортиқча маъмурий бўғинлар, такрорланувчи функциялар ва вақт сарфининг оптимал эмаслиги аниқланади.
Шу асосда жараёнларни соддалаштириш, оптималлаштириш ва рақамлаштириш бўйича аниқ, асосланган ҳамда амалий таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Лойиҳа давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, қарор қабул қилиш жараёнларини тезлаштириш ва инсон омили таъсирини камайтиришга қаратилган.
Лойиҳа доирасида PricewaterhouseCoopers (PwC) компанияси экспертлари вазирликнинг бир қатор таркибий бўлинмалари фаолиятини чуқур таҳлил қилмоқда. Хусусан, иқтисодий ўсишни таҳлил қилиш ва прогнозлаш ҳамда монетар, фискал ва ташқи савдо сиёсатларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш департаменти, урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши ва ипотека дастурларини мувофиқлаштириш департаменти, шунингдек ер ислоҳотлари ва ҳудудлар мастер-режаларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш бошқармасининг мавжуд иш жараёнлари ўрганилмоқда.
Мазкур ташаббус вазирлик фаолиятида замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш, бизнес жараёнларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш ва рақамли трансформацияни тизимли равишда амалга оширишга хизмат қилади.