Оҳангаронда замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда
Оҳангаронда замонавий электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманига ташрифи давомида “Premier” маиший техника маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда электротехника саноатини ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Натижада тармоққа тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш кенгайди.
Хусусан, Оҳангарондаги мазкур лойиҳа ҳам Бирлашган Араб Амирликларининг “Fajr Al Mustaqbal General Trading” корхонаси билан ҳамкорликда 10 гектар майдонда амалга оширилаётган бўлиб, умумий қиймати 30 миллион долларни ташкил қилади.
Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилади, 4 миллион доллар экспорт амалга оширилади. Айни вақтда қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилиб, 11,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Мазкур корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Қирғиз Республикаси, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади.
Айни пайтда бу каби корхона Ўзбекистонда иккита, Марказий Осиёда эса тўртта бўлиб, уларнинг орасида мазкур лойиҳа маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринда туради.
Келгусида мажмуа тўлиқ ишга тушишининг ҳисобига 87 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши кутиляпти.
Давлатимиз раҳбари корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди. Мутахассислар ва ишчилар билан суҳбатлашди.
Шу ернинг ўзида корхонанинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш дастури тақдимот қилинди. Мамлакатимиздаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўргазмаси билан танишилди.
#Шавкат Мирзиёев