Ўзбекистон ва Space Compass космик технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазирлиги делегациясининг Халқаро астронавтика конгрессида иштироки доирасида Япониянинг илғор космик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи “Space Compass” компанияси вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
“Space Compass” — 2022 йилда NTT ва SKY Perfect JSAT томонидан асос солинган япон космик-технологик қўшма корхонаси бўлиб, сунъий йўлдошлар, юқори баландликдаги платформалар (HAPS) ва ер тизимлари асосида Ер, коинот ва стратосферани ягона тармоққа боғловчи янги авлод инфратузилмасини яратишга қаратилган.
Компания асосан:
космосда маълумотларни қайта ишлаш,
оптик маълумотларни узатиш,
ердан ташқари 5G/6G тармоқларини ривожлантириш йўналишларида инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Учрашув давомида космик технологиялар соҳасида ўзаро ҳамкорлик имкониятлари, сунъий йўлдош алоқаси, маълумот узатишнинг илғор усуллари ҳамда келажакда Ўзбекистонда юқори технологик лойиҳаларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш масалаларида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.